Қайд этилишича, Туркияга ишлаш мақсадида келган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.С. соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган ва ватанга қайтишга қарор қилган.
У авиачипта харид қилиб, Истанбул аэропортига келган вақтида соғлиғи кескин ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Фуқаро Истанбул шаҳрининг Башакшеҳир туманида жойлашган шифохонага етказилиб, зарур тиббий муолажаларни олган.
Даволаниш жараёнида юзага келган тиббий харажатларнинг бир қисми Туркияда фаолият юритаётган ватандошлар кўмагида қопланган.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги томонидан унинг ҳолати назоратга олиниб, ватанга қайтишини ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилди ҳамда 19 ёшли А.С. тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистонга қайтарилди.














