Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларида яшаётган ҳамда вақтинча бўлиб турган ватандошларни об-ҳаво шароити кескин ёмонлашиши кутилаётгани сабабли огоҳликка чақирди.
Қайд этилишича, кучли ёмғир ва шамол сув тошқинлари, йўлларда ҳаракатланишнинг қийинлашиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар хавфини юзага келтириши мумкин.
Шу муносабат билан консулхона фуқаролардан зарурат бўлмаса, узоқ масофаларга сафар қилишдан тийилишни, кучли ёғингарчилик вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқроқ бўлишни сўради.
Қолаверса, денгиз соҳиллари, дарахтлар, электр узатиш тармоқлари ва мустаҳкам ўрнатилмаган конструкциялар яқинида эҳтиёткорликни ошириш ҳамдаа автомобил бошқаришда тезликни камайтириш ва хавфсиз масофани сақлашга чақирилди.
Консуллик, шунингдек, Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан эълон қилинаётган расмий огоҳлантириш ва тавсияларга қатъий амал қилишни эслатди.
Истанбулда кузатилаётган кучли жала сабабли ҳокимлик томонидан қатор маъмурий чекловлар жорий этилди. Жумладан, 14−15 октябр кунлари шаҳар бўйлаб барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида анъанавий таълим бир кунга тўхтатилди. Давлат идораларида ҳомиладор, ногиронлиги бор ҳамда 8 ёшдан кичик фарзанди бўлган аёл ходимларга таътил берилди. Соат 21:00 дан бошлаб мотоцикл ва икки ғилдиракли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланди.
Қутқарув ва тезкор хизматларга 2,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, 1200 дан ортиқ сув босиш, 15 та кўчки, 1000 га яқин хонадон ва иш жойларига сув кириши ҳамда транспорт воситаларига зарар етказилиши қайд этилган.
















