Россия ҳарбийлари 10 октябр куни тонгида Запорижжя шаҳрига бошқарилувчи авиабомбалар билан зарба берди. Бомба тушиши оқибатида беш қаватли уйнинг бир подъезди вайрон бўлган, шунингдек, атрофдаги бошқа бинолар ва уйлар шикастланган.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати зарба оқибатида 20 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлгани, 18 киши (шундан уч нафари болалар) жароҳат олгани ҳақида хабар берди.

Қутқарувчилар вайроналар орасидан бир аёлни тирик ҳолда олиб чиқишган. Яна бир неча кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Reuters / Scanpix / LETA

Украина миллий полициясига кўра, ҳужум давомида россиялик ҳарбийлар шаҳарнинг аҳоли яшаш кварталлари бўйлаб жами бешта авиабомба ташлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский Запорижжага ҳужум юзасидан муносабат билдирди.

«Бугун Россия Запорижжядаги турар жой биноларига бешта авиабомба ташлаб, дизел экспортига нисбатан санкциялар олиб ташлангани учун миннатдорчилик билдирди. <...> Бу тун Россияда босимнинг ҳар қандай юмшатилиши урушни давом эттириш мумкинлиги, шаҳарларга бомба ташлаш мумкинлиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилинаётганининг яна бир тасдиғи бўлди. Бошқача сигналлар керак. Россия урушни тўхтатиш кераклигини тушуниши ва бунинг учун ўз йўқотишларини ҳис қилиши керак», – деди Зеленский.

Россия томони ҳужум юзасидан изоҳ бермаган.

Reuters / Scanpix / LETA

9 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган ва шундан кейин Россия дизел ёқилғисига нисбатан санкциялар олиб ташланганини эълон қилганди. Трамп икки давлат раҳбарлари АҚШ ва бошқа мамлакатларга дизел ёқилғиси етказиб бериш бўйича келишиб олганини билдирган.

Шу билан бир вақтда Майамида Украина, Европа ва Америка делегацияларининг музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралар икки кун давом этиши керак эди, аммо режалаштирилганидан эртароқ якунланди.

Daria Nazarova / AFP / Scanpix / LETA