8 октябрга ўтар кечаси «Яндекс» компаниясининг Рязан области Сасово шаҳридаги дата-марказига украин дронлари ҳужуми оқибатида кучли ёнғин чиқди.
Компания дата-марказ ҳудудида компания хизматлари фаолиятига таъсир қилувчи «ҳодиса» рўй берганини тасдиқлаган ва шу туфайли айрим хизматлар вақтинча ишламаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ёнғин тонгда ўчирилган, жароҳатланганлар йўқ. Дата-марказ фаолиятини тиклаган.
Фойдаланувчилар аллақачон «Яндекс» фаолиятидаги носозликлардан шикоят қила бошлаган. Хусусан, Yandex Cloud асосий хизмати ва унга боғланган «Яндекс.Диск» ва «Яндекс.Документи»да муаммолар кузатилаётгани айтилмоқда.
Москва биржаси маълумотига кўра, зарба фонида Россиядаги етакчи IT-компаниялардан бири саналган «Яндекс» акциялари нархи 3 фоиздан кўпроққа пасайган.
Зарба «Саста» станоксозлик заводи ҳудуди бўйлаб берилган. Рязан области маъмурияти завод номини тилга олмаган ҳолда Украина ҳужумидан кейин «корхоналардан бирининг том қисми ёниб кетгани»ни хабар қилган.
«Саста» заводида қувур кесувчи дастгоҳлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхона маҳсулотлари экспортга чиқарилади, шунингдек, Россиядаги машинасозлик корхоналарига етказиб берилади. Astra нашри маълумотига кўра, «Саста» мудофаа корхоналари ишлаб чиқариш базасини ҳам ўз маҳсулотлари билан таъминлайди. Завод ғарбдаги бир қанча давлатлар томонидан санкциялар рўйхатига киритилган.
«Яндекс» дата-маркази 2014 йилдан буён «Саста»нинг собиқ биноларидан бирида ишлаб келади. Сентябр ойида марказ ходимлари айнан Сасовода ишлаётгани кўрсатилган видеода кўриниш берганди.
Компаниянинг нейросетларни ўргатиш учун фойдаланиладиган учта суперкомпютеридан иккитаси Сасоводаги марказда жойлашган. Гап «Ляпунов» ва «Червоненкис» суперкомпютерлари ҳақида кетмоқда. T-Invariant нашри ёзишича, «Червоненкис» – компания суперҳисоблагичлари орасида энг унумлисидир. 2021 йилда у жаҳондаги Топ-500 суперкомпютер орасида 19-ўринда қайд этилган. Аммо кейинроқ санкциялар туфайли инфратузилмани янгилашдаги мураккабликлар туфайли рейтингда иккинчи юзталикка тушиб кетган.
















