Дониёр Муқумжонович Юсупов Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари – Шаҳар каналларидан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур лавозимда 2022 йил мартидан буён Абдулазиз Исроилов ишлаётганди, унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Дониёр Юсупов Тошкент автомобиль-йўллар институтининг бакалавриат ва магистратура босқичларини автомобиль йўллари ва иншоотларини қуриш, шунингдек, автомобиль йўллари ва аэродромлар мутахассисликлари бўйича тамомлаган.

У турли йилларда Тошкент шаҳри йўл қурилиш ва таъмирлаш трести, Республика йўл жамғармаси, автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси, Тошкент шаҳри минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати ҳамда Юнусобод тумани ҳокимлигида масъул лавозимларда ишлаган.

Ушбу тайинловга қадар Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.