DW хабарига кўра, Трамп бу фикрларни 13 октябрга ўтар кечаси журналистлар саволларига жавоб бераётиб билдирган.
Мухбирлардан бири Россия Украинага ҳужумларни давом эттираётган бир пайтда АҚШ президенти Путиннинг муросага тайёрлигини нимада кўраётганини сўраган.
«Ўйлашимча, улар келишиб олади. Мен ҳақиқатан ҳам Путин келишув тузишга Зеленскийдан кўпроқ қизиқмоқда, деб ҳисоблайман», — деган Трамп.
У ўзи эълон қилган энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш тартиби Россия томонидан бузилгани ҳақидаги саволга вазиятни аввал ўрганиш кераклигини айтган.
«Чунки қоидабузарликлар ҳар икки томондан бўлган», — деган АҚШ президенти. Келтирилган хабарда Трамп бу фикрини тасдиқловчи аниқ мисолларни санаб ўтмаган.
Путинни «энергетик сулҳ»га риоя қилишга қандай ундаши ҳақидаги қўшимча саволга Трамп Россия раҳбари келишувни хоҳлаётгани, бунга Зеленскийни кўндириш кераклиги ҳақидаги фикрини такрорлаган.
Зеленский эса аввалроқ АҚШни Россияга таъсир ўтказишга ва энергетика соҳасидаги сулҳга амал қилинишини таъминлашга чақирган эди.
«Америкаликлар қандай аниқ қадамлар ташлашга тайёрлигини кутяпмиз», — деган Украина президенти Варшава хавфсизлик форумидаги нутқида.
Унинг айтишича, Киев 11 октябр куни ижтимоий тармоқларда энергетика объектларига барча ҳужумлар зудлик билан тўхтатилиши ҳақидаги хабарларни кўриб ҳайратланган. Зеленский ушбу баёнотдан кейин Россия Харкивдаги иссиқлик электр станциясига зарба берганини таъкидлаган.
12 октябр кечқурун Украина президенти Telegram’да Киев энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор билдирган.
«Украина АҚШ президенти эълон қилганидек, энергетика бўйича ўт очишни тўхтатишни кафолатлашга тайёр. Россия ҳам тегишли қадамларни ташлаши керак», — деб ёзган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан эълон қилинган шартлар бажарилаётгани ҳозирча қайд этилмаган. Зеленский кескинликни пасайтиришда АҚШ позицияси муҳимлигини таъкидлаб, Москвага босим ўтказиш зарурлигини айтган.
Украина президенти Америка томони билан барча даражаларда музокаралар давом этаётганини ҳам маълум қилган.














