Осиё Чемпионлар Лигаси 2 гуруҳ босқичи 2-турида «Насаф» ўз майдонида «Ал-Ваҳда» (БАА) клубини қабул қилди. Ушбу турнир нуфузи жиҳатидан Осиё Чемпионлар Лигаси Элит мусобақасидан кейинги ўринда туради.
14 октябрь куни Қаршида ўтказилган А гуруҳи баҳси мезбонлар учун муваффақиятсиз якунланди.
Биринчи бўлимда «Ал-Ваҳда» футболчиси Факундо Крупски узоқ масофадан иккита аниқ зарба йўллади. «Насаф» гол билан жавоб бериши мумкин эди, аммо бош ҳакам томонидан белгиланган пенальтини дарвозабон Абдувоҳид Неъматов аниқ амалга оширолмади. Унинг зарбасини дарвозабон қайтарди.
Иккинчи бўлим бошида Сардорбек Баҳромов узоқ масофадан зарба йўллаганида тўп рикошет билан рақиб дарвозасига кирди. Ўйин охиригача мезбонларда бир қанча қулай имкониятлар бўлди, аммо зарбаларга аниқлик етишмади.
«Насаф» ушбу натижадан сўнг, 1 очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб турибди. «Ал-Ваҳда» 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
«Насаф» турнирдаги навбатдаги ўйинини 28 октябрь куни ўз майдонида «Ал-Кувайт»га қарши ўтказади.
Осиё Чемпионлар Лигаси 2 турнирида 32 та клуб Ғарб ва Шарқ минтақасига ажратилган ҳолда 8 та гуруҳда иштирок этмоқда. Гуруҳда 1- ва 2-ўринни эгаллаган клублар плей-офф босқичига йўл олади.
ОЧЛ-2. А гуруҳи, 2-тур
14 октябрь, Қарши, «Марказий» стадиони
НАСАФ (Ўзбекистон) - АЛ-ВАҲДА (БАА) 1:2
Голлар: Сардорбек Баҳромов (47) - Факундо Крупски (23, 39)
Бош ҳакам: Аҳмад Иброҳим (Иордания)
«Насаф»: Абдувоҳид Неъматов, Алибек Давронов (Дилшод Муртазоев 74), Ғолиб Ғайбуллаев, Муродбек Раҳматов, Умарбек Эшмуродов, Аденис Шала, Зафармурод Абдираҳматов (Диёрбек Абдуназаров 74), Шароф Муҳитдинов, Ойбек Рустамов (Сардорбек Баҳромов 46), Аббосжон Ғуломов (Паата Гудушаури 74), Юсуф Отубанжо (Бобир Абдиҳолиқов 46)
Бош мураббий: Рўзиқул Бердиев
«Ал-Ваҳда»: Факундо Лирусси, Мансур Ал-Минҳалий (Гонсало Моура 79), Лукас Пимента, Аминулла Мажид, Муҳаммад Қурбоний, Адам Черин, Абдулла Ал-Минҳалий, Жадсом Мимиас, Факундо Крупски (Фавур Огбу 79), Кристиан Бентеке, Браҳима Диарра (Ашер Офега 68)












