Сахалинда япониялик журналист жосуслик иши бўйича қўлга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маълум қилишича, қўлга олинган шахс – «Ҳоккайдо Шимбун» нашрининг Япония фуқароси бўлган мухбиридир. Махсус хизмат унинг исмини очиқламаган. Журналист Россияни тарк этмоқчи бўлганида, Южно-Сахалинскда қўлга олинган. Уни Москвага олиб кетишган.
ФХХ тарқатган оператив видеода қўлга олинган шахснинг юзи блур қилинган. Афтидан, орган ходимлари журналистни меҳмонхонада қўлга олишган. Оператив съёмка кадрларида уни техникани блокдан чиқаришга мажбурлашганини кўриш мумкин. Журналист жосусликда айбланганида қаттиқ ажабланган.
ФХХ версиясига кўра, қўлга олинган шахс россиялик ҳарбийлар ҳақида маълумот тўплаган. Махсус хизматдагилар журналист Япония разведкаси топшириғи билан Курил ороллари аҳолиси орасидан Украинадаги урушга сафарбар қилинган ва кўнгиллилар сони ҳақида маълумот тўплаганини таъкидлайди.
Москвадаги Лефортово суди карточкасидан маълум бўлишича, гап 34 ёшли Имаи Юки ҳақида кетмоқда. 13 октябр куни у жосуслик иши бўйича (ЖК 276-моддаси) ҳибсга олинган. Журналист 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Имаи Юки Россияга 2014 йилдан буён келиб туради. «Осторожно, новости» нашри аниқлашича, у охирги бор 2026 йил ёзида келган (1,2). Имаи Юки Санкт-Петербург давлат университетида ўқиган ҳамда Москва ва Петербургга қилган саёҳатларидан фотосуратлар чоп этган. У постларида «советлар ҳарбий техникаси, шунингдек, рус маданияти – классик мусиқа, балет ва совет киносига қизиқиши»ни тан олган. Қўлга олиш видеосида эса журналистнинг чамадонида Иван Буниннинг китоби ётганини кўриш мумкин.
Сўнгги пайтларда журналист Давлат думасига сайловлар ва Хабаровскда СССРнинг Япония устидан қозонган ғалабаси шарафига ёдгорлик очилиши ҳақида материаллар эълон қилди, деб ёзади «Осторожно, новости». Шунингдек, унинг мақолалари РФ ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга бағишланган.















