Лев Ступниковнинг номи 2025 йил сентябрида жамоатчиликка маълум бўлганди. Ўшанда украиналик видеоблогер Дмитрий Карпенкога берган интервюсида Ступников шунга иқрор бўлганди: у Россия армияси зобити бўлган ҳолда Украина қуролли кучлари учун ишлаб, ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз қуролдошларини зарбаларга нишон қилиб келган. RT у туфайли 200 дан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилган. Чеченлар бу вақтга келиб фронт чизиғини кесиб ўтган ва «Рус кўнгиллилари корпуси» сафида жанг қилишни бошлаган Ступниковга ов эълон қилишган. The Wall Street Journal Ступников, унинг оиласи ва у тутган йўл ҳақида ҳикоя қилди.
Лев Ступников 26 ёшда. У Қозоғистонда туғилган. Болалигида отаси оилани ташлаб кетган. Онаси Татяна Янцен Лев ва унинг синглиси Алисани ёлғиз катта қилган. Татяна ватандошларни кўчириш дастури бўйича Россияга кўчиб ўтади ва Омскка келиб жойлашади, бу вақтда унинг ўғли ўсмир ёшида эди. Бу ерда Ступников кадетлар корпусига киради, кейинроқ эса Алоқачилар ҳарбий академиясида ўқиш учун Санкт-Петербургга боради. Ўқув жараёни беш йил – 2018 йилдан 2023 йилга қадар давом этади.
2021 йилда Лев ўзи севган қиз Лизага уйланади ва ҳарбий карьерадан воз кечиш ҳақида ўйлай бошлайди. Аммо Россия ва Украина ўртасида бошланиб кетган катта уруш барчасини ўзгартириб юборади. Ступников Россия қўшни мамлакат ҳудудига бостириб кирганидан ларзага тушганди. 2023 йил ёзида у академияни лейтенант мақомида битиради ва базаси Байкал орти ўлкасида бўлган 36-гвардия мотоўқчилар бригадасига бириктирилади. Аммо унинг Украинадаги урушга сафарбар қилиниши вақт масаласи эди ва бу 2023 йил ноябрида рўй беради.
Унинг онаси Татяна Янценнинг ҳам Россия ҳукуматидан ҳафсаласи пир бўлганди. Унинг уруш бошланишидан шокка тушиши Левда бўлган ҳолатдан кам эмасди. У ҳарбий пропаганда таъсирига тушмаслиги учун қизи Алисани мактабдан олади, шунингдек, ўғлини ҳарбий хизматдан бўшатиш учун ҳуқуқ фаолларидан маслаҳат сўрайди. Ҳуқуқ фаоллари Беларус ва Арманистон орқали қочишни ташкил этишни маслаҳат қилишади. Татяна фронтга юборилишидан олдин ўғли Москвада тўхтаб ўтишидан хабардор эди. У ўғлини Қозоғистонга учувчи самолётга ўтириб, қариндошларникида яширинишга ундайди. У эса жуда хавфлилиги туфайли бу режани рад этади.
2024 йил февралида, ўғли фронтга юборилганидан уч ой ўтганида, Татяна Дмитрий Карпенко билан алоқага чиқади. У украиналик дастурчи ва блогер бўлиб, ютубда россиялик асирлар ва қочқинлар билан интервюларни эълон қилар, шунингдек, Украина қуролли кучлари билан ҳамкорлик учун пул таклиф қиларди. Татяна ундан ўғлининг дезертирлик қилишида ёрдам беришни сўрайди. Лев онаси ушбу блогер билан алоқага чиққанидан хабар топгач, унинг роликларини кўриб чиқади, кейин эса WhatsApp орқали унинг ўзига ёзади. У ҳамкорлик қилишга ва таслим бўлишга тайёрлигини билдиради. Шу билан бирга, пул мукофотидан воз кечади.


















