Дастур ходимларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, тазйиқ, зўравонлик ва камситиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.

Дастурни амалиётга жорий этиш бўйича вазифалар Тошкент шаҳрида давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Тадбирда 70 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

Тадбирда Олий суд раиси Робахон Маҳмудова, Президент Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офисининг бош координатори Нозимахон Давлетова, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасазаде, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова ҳамда Ўзбекистондаги БМТ доимий координатори Сабине Махл табрик сўзи билан чиқиш қилди.

Олий суд раиси Робахон Маҳмудова ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади:

«Бугунги вазифамиз — қонунчиликда белгиланган кафолатларни амалиётда ҳақиқатан ҳам самарали ишлайдиган механизмларга айлантириш. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарорининг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди».

Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офисининг бош координатори Нозимахон Давлетова эса ушбу ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб, шундай деди:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган ислоҳот туфайли биз ҳар бир инсонга, эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, институтлараро ҳурматни шакллантириш механизмини яратмоқдамиз. Бу ҳар бир ташкилотда меъёрга айланиши керак. Ўзаро ҳурмат маданияти Янги Ўзбекистонимиз учун соғлом жамият ва келажакнинг кучли кадрларини шакллантиради».

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасазаде қуйидагиларни қайд этди:

«Ўзбекистонда хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларни ишлаб чиқишда UNFPA етакчи экспертлик ва техник кўмак кўрсатганидан фахрланамиз. Бугун қонунчилик даражасида қабул қилинган қарорларни амалиётга татбиқ этиш босқичига ўтмоқдамиз. Мақсадимиз — ушбу ўзгаришларни ташкилотлар фаолиятида мустаҳкам қарор топтириш ва ҳар бир инсон учун янада хавфсиз ҳамда ҳурматга асосланган иш муҳитини яратишга ҳисса қўшишдир».