14 октябр тонгида украиналик ҳарбийлар Starshield фаолиятидаги чекловлар тўғрисида хабар бера бошлашди – бу Starlink’нинг юқори тезликда учувчи дронлар билан алоқани таъминлаш учун зарур бўлган ҳарбий версиясидир. Украина президенти маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов Володимир Зеленский ҳамда Доналд Трамп ўртасидаги низони назарда тутган ҳолда «бу тасодиф бўлиши мумкин эмаслиги ва ҳозирги сиёсий вазият билан боғлиқлиги»ни айтди. 15 октябр тонгида Украина мудофаа вазирлиги тизим яна ишлай бошлаганини маълум қилди. Шу билан бирга, АҚШда ҳеч ким Starlink ўчиб қолгани учун масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаяпти. Қуйида бу мавзу атрофида қандай гаплар бўлгани ҳақида қисқача.

Володимир Зеленский, Украина президенти. Бу уларнинг қарори. Бу катта хато. Техник сабаб бўлиши ҳам мумкин. Агар ҳужумлар давом этса ва Starlink ишламаса, одамлар ҳалок бўлади. Улардан ҳаммасини қайтадан ёқишни сўраймиз. Бу адолатдан бўлади.

Илон Маск, SpaceX раҳбари. Starshield АҚШ ҳукумати томонидан назорат қилинади. Тезлик ёки фойдаланиш бўйича ҳар қандай чекловни ҳарбийлар ва АҚШ президенти белгилайди.

Оқ уйнинг аноним вакили. АҚШ президенти маъмурияти Starlink фаолиятида юзага келган узилишларга алоқадор эмас.

Оқ уй, расман. Starlink ҳақидаги саволларга биз жавоб бермаймиз. Президент ҳамон урушни якунлашда конструктив рол ўйнаш қарорида қатъий.

Том Тиллис, америкалик сенатор. Мен мудофаа вазири Пит Ҳегсет шаффофлик кўрсатишини умид қилмайман, шунинг учун биз Конгресс томонидан терговни бошлаймиз. Энг яхши ҳолатда бу қабул қилиб бўлмайдиган хато, энг ёмон ҳолатда эса – Россия ҳужуми учун майдон очишга қаратилган онгли қарор эди.