«Биз президентдан, Конгрессдаги вакилларимиздан ва ватандошларимиздан ҳокимиятнинг ушбу ваҳшиёна суиистеъмол қилинишининг олдини олиш чораларини кўришни сўраймиз», — дейилади мактубда.

Мактуб муаллифлари ўлим жазосининг ўзига қарши эмасликларини, бироқ унинг трансляцияси «бекорчи кузатувчиларнинг қизиқишини қондириш учун томошага айланиб кетишини» таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, ўлим жазоси «тантанавор ва жиддий жазо» бўлиши керак. Генералларнинг баёнот беришича, бундай трансляция «инсон қадр-қимматини камситади ва қуролли кучлар шаънига доғ туширади».

«Мамлакатимиз душманлари келажакда нафрат қўзғатиш ҳамда америкалик аскарлар ва фуқароларга зарар етказиш учун бундан фойдаланади. Бундан ташқари, бу Ҳасанни ўз сафдошларини ўлдиргани учун жафокашга айлантириб қўяди», — деб ҳисоблайди мактуб муаллифлари.

2009 йил ноябрь ойида Нидал Ҳасан Форт-Худ базасида хизматдошларига қарата ўт очганди — бу ҳолат ҳарбийлар кўрикни кутиб турган тиббиёт марказида содир бўлган. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ одам яраланган. 2013 йилда ҳарбий трибунал уни ўлим жазосига ҳукм қилди. Суд жараёни давомида у адвокатлардан воз кечиб, ўз хатти-ҳаракатларини шу йўл билан Афғонистондаги мусулмонлар ва толибларни ҳимоя қилишга урингани билан изоҳлади.

Пентагондагиларнинг маълум қилишича, қатл 2026 йил 3 декабрда бўлиб ўтади ва жонли эфирда намойиш этилади. АҚШ ҳудудидаги сўнгги оммавий қатл 1936 йилда Кентукки штатида амалга оширилган.

Қатл трансляциясини ўтказишга Доналд Трамп рухсат берди. АҚШ президенти, шунингдек, қатл усули сифатида отиб ўлдиришни қўллаб-қувватлаган — бу Мудофаа вазирлиги раҳбари Пит Ҳегсет томонидан таклиф қилинганди. Шу билан бирга, CBS News манбаларининг айтишича, энди Трамп маъмуриятининг баъзи вакиллари қатлни трансляция қилишдан воз кечишга мойил бўлмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, Трамп қатл трансляциясини ошкора қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ҳали якуний қарорга келмаган.