Шайхонтоҳур туманидаги Чақар маҳалласида «Обод маҳалла» дастури доирасида дарахтлар кесилиб, йўлаклар ва асфалт бузилган, бироқ ишлар чала қолдириб кетилган. Бу эса чанг-тўзон ва хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқармоқда. Аҳоли ишлар якунланиши ва яшил ҳудудлар тикланишини сўрамоқда. Маҳалла раиси кечикишни иссиқ ҳаво ва молиявий муаммолар билан изоҳлаган, туман ҳокимлиги эса ишлар давом этаётганини билдирган.

«Бузиб қўйиб, ташлаб кетиш яхши эмас»

Маҳалла аҳолисидан бири аввалги шароитни эслар экан, ҳудудни ободонлаштириш ишлари бошланишидан олдин ҳам айрим камчиликлар бўлганини, бироқ бугунгидай ноқулайликлар кузатилмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллада дарахтлар кўп, болалар ўйнайдиган жойлар мавжуд, асфальт йўллар эса яхши ҳолатда бўлган.

«Бу ерда болалар ўйингоҳлари бор эди. Дарахтлар жуда кўп эди. Кўп дарахтлар кесилиб ҳам кетди. Асфальтларимиз яхши эди. Ҳозир ҳамма ёқни бузишган, уйлар чангга тўляпти. Айниқса, ёз ойларида жуда қийналдик. Майли, сабр қилайлик, иш битиб қолар, деб кутдик. Лекин иш юрмади. Тахминан бир ой олдин айрим блогерларга мурожаат қилдик. Улар келганидан кейин бироз ҳаракат бўлди. Ҳокимиятдан келиб, икки ой ичида чиройли қилиб тугатамиз, эртадан 60–70 нафар одам ишга тушади, деб ваъда беришди. Лекин тўрт-беш киши келган бўлди, кейин яна жимлик. Ишнинг натижаси кўринмаяпти» , — дейди мурожаатчи.

«Ҳаммаси алдайди, фақат алдайди»

Яна бир мурожаатчи қурилиш ишларининг бир неча кун давом этиб, кейин яна тўхтаб қолишидан норози. Унинг айтишича, ишчилар келиб ҳудудни ўлчайди, бирор ишни бошлагандек бўлади, кейин эса узоқ вақт кўринмай қолади.

«Ҳеч қачон бундай шароитга тушамиз, деб ўйламаган эдик. Ҳаммаси алдайди, фақат алдайди. Тўртта одам келиб ўлчади. Мен улардан: “Болам, ишлайсизларми?” деб сўрадим. “Ҳа, ишлаймиз”, дейишди. Лекин кейин улар ҳам йўқолиб қолди. Ҳар куни ваъда, ҳар куни алдаш. Яна қишгача қолиб кетади, деб қўрқяпмиз», — дейди у.

Аҳоли орасида қурилиш ҳудудида қолдирилган арматура ва бошқа қурилиш материаллари сабабли йиқилиб тушиш ҳолатлари ҳам тез-тез учраётгани айтилмоқда. Бу эса, айниқса, ҳудудда ўйнайдиган болаларнинг хавфсизлиги борасида хавотирларни кучайтирмоқда.

«Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг ўринбосари келиб, зудлик билан тўғрилаб бераман, деб ваъда бериб кетди. Лекин бунақа бўлмайди. Ҳеч ким биз билан шуғулланмаяпти. Бу қачонгача давом этади? Қачонгача болаларни бемалол пастга тушириб, набираларимиз билан айланолмаймиз? Болалар учун жуда хавфли. Кўриб турибсизлар, тошлар ётибди. Зиналар олдидан тушганда арматуралар бор. Болаларнинг ўзини қўйиб юборолмаймиз. Болалар тошларни отишади, чангда йиқилишади. Ўзимиз ҳам йиқилиб, жароҳат олдик » — дея норозилик билдирди мурожаатчи.