Ер участкасини сотишда даромад солиғи юзага келиши мумкин. Солиқ миқдори сотиш нархи, ернинг аввалги қиймати ва уни қанча муддат мулкда сақлаб турилганига боғлиқ. Агар ер 36 ойдан ортиқ вақт давомида мулкингизда бўлган бўлса, солиқ тўланмайди. Мақолада ер участкаси олди стодиси билан боғлиқ муҳим тафсилотларни кўриб чиқамиз.
Kun.uzKun.uz
Cолиқ ставкалари, тўлов муддатлари ва кўчмас мулк олди-сотдисига оид тартиблар 2026 йил 1 сентябр ҳолатига кўра келтирилган. Қонун ҳужжатлари ва банкларнинг хизмат тарифлари ўзгариши мумкин.
Ер участкасини сотишда қандай солиқ тўланади?
Ер участкасини сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланади. Жисмоний шахснинг мулкий даромадлари таркибига ўзига тегишли мол-мулкни сотишдан олинган даромадлар ҳам киради. Яъни ер хусусийлаштирилган бўлсагина уни сотиш мумкин.
Мол-мулкни сотишдан олинган даромад сотиш қийматининг уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади.
Бунда мол-мулкни олиш қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Агар бундай ҳужжатлар бўлмаса, кўчмас мулк бўйича даромад кадастр қиймати билан сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.
Кадастр қиймати — давлат органлари томонидан кўчмас мулкнинг қийматини белгилаш учун аниқланадиган расмий баҳо.
Солиқни ким тўлайди?
Ўзбекистон солиқ резидентлари, шунингдек, Ўзбекистондаги манбалардан даромад олувчи норезидент жисмоний шахслар даромад солиғи тўловчилари ҳисобланади. Шу сабабли, ер участкасини сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини сотувчи тўлайди.
Қачон солиқ тўланмайди?
Жисмоний шахсга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли ер участкаси 36 ойдан ортиқ вақт давомида унинг мулкида бўлса, уни сотишдан олинган даромад учун солиқ тўланмайди ва декларация топшириш шарт эмас. Бу Солиқ кодексининг 378-моддасида белгиланган. Агар ер участкаси 36 ойдан кам муддат мулкда бўлган бўлса, сотишдан олинган даромад солиққа тортилади.
Бу қоида уй-жой ва ер участкаси бирга сотилса ҳам, алоҳида сотилса ҳам амал қилади.
Мавзуга оид
Вазият
Солиқ
Хусусий мулкдаги ер участкаси 36 ойдан ортиқ мулкда бўлган
36 ойдан кам муддат мулкда бўлган ва сотиш нархи олиш қийматидан юқори
Олиш ва сотиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқнинг 12 фоизи
36 календар ойдан кам муддат мулкда бўлган, бироқ сотиш нархи олиш қийматидан юқори эмас
Солиқ солинадиган ижобий фарқ юзага келмайди
Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас
Кўчмас мулк бўйича кадастр қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ асосида ҳисобланади
Солиқ қандай ҳисобланади?
Сотиш суммасининг мол-мулкни олиш қийматидан ошган қисми асосида солиқ суммаси аниқланади.
Масалан, солиқ солинадиган ер участкаси 2025 йилда 300 млн сўмга сотиб олинган ва 2026 йилда 350 млн сўмга сотилган бўлсин.
Агар сотиб олиш қиймати тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса:
350 млн − 300 млн = 50 млн сўм.
Жисмоний шахслар учун даромад солиғи ставкаси 12 фоиз бўлгани сабабли:
50 млн × 12 фоиз = 6 млн сўм.
Солиқ тўлаш тартиби қандай?
Солиқни солиқ мобил иловаси, my3.soliq.uz шахсий кабинети, банклар ва тўлов тизимлари орқали тўлаш мумкин. Солиқ қўмитаси декларация асосидаги даромад солиғи учун тўлов кодини 172 деб кўрсатган.
Декларация асосида ҳисобланган даромад солиғини солиқ тўловчининг ўзи тўлайди.
Солиқ тўлаш муддати қачонгача?
Жами йиллик даромад декларацияси ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топширилади.
Декларация асосида ҳисобланган даромад солиғи эса 1 июндан кечиктирмай тўланиши керак. Бу муддат Солиқ кодексининг 398-моддасида белгиланган.
Масалан, 2026 йилда декларация қилиниши керак бўлган даромад олинган бўлса, декларация 2027 йил 1 апрелгача, ҳисобланган солиқ эса 2027 йил 1 июнгача тўланади.
Тўланмаганлик учун жавобгарлик борми?
Солиқ белгиланган муддатда тўланмаса, солиқ қарздорлиги юзага келади ва кечиктирилган давр учун пеня ҳисобланади. Пеня Солиқ кодексининг 110-моддасида белгиланган: солиқни тўлаш муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун Марказий банк ставкасининг 1/300 қисми миқдорида ҳисобланади. У тўланмаган солиқ суммасидан фоизларда ҳисобланади ва айбдор шахсга бошқа жавобгарлик чоралари қўлланишидан қатъи назар қўшилади. Солиқ органи ҳам қарздорга талабнома юборганда қарз билан бирга пеняни ундириши мумкин.
Солиқ қарзи: ўз вақтида тўланмаган солиқнинг асосий суммаси.
Қайта молиялаш ставкаси: Марказий банкнинг амалдаги ставкаси — 14 фоиз.
Кечиктирилган кунлар сони: тўлов муддатидан кейинги кундан бошлаб ҳар бир кечиктирилган кун.
Хусусий бўлмаган ер участкасини сотиш мумкинми?
Ер участкаси шахсга хусусий мулк, ижара, доимий фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқлар асосида тегишли бўлади. Шу сабабли битимдан олдин ер участкасининг кадастр ҳужжатларида айнан қандай ҳуқуқ қайд этилганини текшириш муҳим. Доимий фойдаланишдаги ер участкаларининг ўзини эмас, ундан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни сотиш мумкин.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган айрим ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда хусусийлаштирилиши мумкин. Хусусийлаштириш учун ариза давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz орқали берилади. Хизмат нархи:
my.gov.uz орқали: БҲМнинг 9 фоизи (39 минг 600 сўм);
Давлат хизматлари маркази орқали: 1 БҲМ (440 минг сўм).
Мерос ёки ҳадя қилинган ер участкаси сотувидан солиқ олинадими?
Мерос ёки ҳадя қилиб олинган мол-мулкнинг ўзидан даромад солиғи олинмайди. Аммо уни сотганда солиқ тўланиши мумкин.
Солиқ органи тушунтиришига кўра, муддат мулк ҳуқуқи вужудга келган санадан бошлаб ҳисобланади. Мулк қандай усулда олингани (сотиб олиш, мерос ёки ҳадя) аҳамиятга эга эмас. Агар мерос ёки ҳадя тартибида олинган ер участкаси мулк ҳуқуқи вужудга келган санадан 36 ой ўтгач сотилса, солиқ тўланмайди. 36 ой ичида сотилса, даромад солиғи тўланади.
Мерос ёки ҳадя қилинган ерни сотиб олиш учун харажат қилинмагани сабабли, солиқ кадастр қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.
Масалан, ер участкаси мерос қилиб олинган, кадастр қиймати 200 млн сўм. Уни мулк ҳуқуқи вужудга келганидан 20 ой ўтгач 260 млн сўмга сотдингиз:
260 млн − 200 млн = 60 млн сўм.
60 млн × 12 фоиз = 7,2 млн сўм.
Агар худди шу ерни 36 ойдан кейин сотсангиз, солиқ тўланмайди.
Ер сотишда яна қандай харажатлар бор?
Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ундирилади.
Амалдаги тартибга кўра, кўчмас мулк Тошкент ёки Нукус шаҳрида ёхуд вилоят марказида жойлашган бўлса, давлат божи БҲМнинг 1 баравари, бошқа аҳоли пунктларида эса БҲМнинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.
Агар кўчмас мулк яқин қариндошларга ўтказилса, тегишли ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Яъни вилоят марказидаги мулкингизни яқин қариндошингиз номига ўтказиш учун 440 минг сўм эмас, 220 минг сўм давлат божи тўлайсиз.
2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китоблар эскроу ҳисобварағи орқали амалга оширилмоқда. Харидор пулни эскроу ҳисобварағига қўяди, шартнома нотариал тасдиқлангач, банк маблағни сотувчининг ҳисобварағига ўтказади.
Давлат улуши мавжуд банкларда эскроу хизмати учун комиссия БҲМнинг 50 фоизидан, яъни 220 минг сўмдан ошмайди. Хусусий банкларда комиссия банк тарифлари асосида белгиланади.
Эслаб қолинг
Ер 36 ойдан кўп муддат мулкингизда бўлса, солиқ тўланмайди.
Солиқ солинадиган даромад ер участкасини сотиш қиймати билан уни олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқдан аниқланади. Олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда кадастр қиймати ҳисобга олинади.
Жисмоний шахслар учун даромад солиғи ставкаси 12 фоизни ташкил этади.
Солиқ солинадиган даромад олинган бўлса, декларация ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача топширилади, ҳисобланган солиқ эса 1 июнгача тўланади.
Ер участкасини сотишда даромад солиғидан ташқари, нотариал тасдиқлаш ва эскроу ҳисобварағини очиш харажатлари ҳам юзага келиши мумкин.