Россиянинг «Сколково» (Москва) бошқарув мактаби Соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази негизида узоқ умр кўриш лабораторияси ташкил этилди.
«Ведомости» нашрининг ёзишича, у ерда умр кўриш давомийлиги ортишининг соғлиқни сақлаш тизими, бозорлар, меҳнат фаолияти ва давлат сиёсатига таъсири ўрганилади. Олинган маълумотлар асосида тадқиқотчилар кексаларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган бошқарув ечимларини таклиф этади.
МДУ Тиббиёт илмий-таълим институти директори, Владимир Путиннинг қизи Мария Воронцова «Сколково»даги форумда сўзга чиқиб, илм-фан инсон умрини «табиатан берилган 85–90 ёшлик салоҳият»дан ортиқроқ узайтириш масаласида ҳозирча у қадар илгарилаб кетмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қариликнинг касаллик деб ҳисобланмаслиги тадқиқотчилар йўлидаги тўсиқлардан биридир, зеро ташхис қўйилмас экан, дори воситаларининг клиник синовларини ўтказиб бўлмайди. Шу билан бирга, Воронцованинг тахминига кўра, 10–20 йилдан сўнг «ўлим олдидаги умумбашарий қўрқув» соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддиларини ушбу муаммони ҳал этишга ундайди.
2025 йилда Воронсова ҳужайралар янгиланиши ва фаол узоқ умр кўришни ўрганиш лабораторияси учун Россия илмий жамғармасидан 30 млн рубл миқдорида грант олган эди.
2026 йил май ойида The Wall Street Journal нашри Россия ҳукумати «Саломатликни асрашнинг янги технологиялари» миллий лойиҳаси доирасида қаришга қарши курашиш бўйича 26 млрд долларлик кенг кўламли дастурни — жумладан, аъзоларни биопринтерда чоп этиш, митти чўчқалар иштирокидаги ксенотрансплантация ва ген терапиясини молиялаштираётгани ҳақида ёзган эди.
Хабар қилинишича, дастурга Путинга яқин шахслар: унинг қизи, давлат генетик лойиҳалари учун масъул эндокринолог Мария Воронцова ҳамда Курчатов институти раҳбари, Путиннинг дўсти, банкир Юрий Ковалчукнинг акаси, физик Михаил Ковалчук бош-қош бўлмоқда. Катта Ковалчукни Кремлнинг узоқ умр кўриш дастурининг ғоявий меъмори деб аташади: унинг таъкидлашича, илм-фан тез орада инсон тана аъзоларини «чексиз таъмирлаш ва алмаштириш» имконини беради.
















