Ўзбекистонда давлат тилига амал қилмаган 4500 га яқин реклама ва ташқи ёзувлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Регулятор томонидан жорий йил бошидан буён мамлакат бўйлаб ташқи ёзувлар, жумладан, пешлавҳалар, реклама ва бошқа эълонлар ҳамда ахборот матнларининг давлат тили талабларига мувофиқлиги юзасидан 16 мингдан ортиқ мониторинг ўтказилган. Натижада 4496 та ҳолатда камчиликлар аниқланди. Шундан 2344 тасида пешлавҳа, ташқи ёзув ва бошқа эълонлар, 975 тасида эса ташқи рекламалар матни бошқа тилларда берилгани маълум бўлди. Шунингдек, 841 та пешлавҳа, ташқи ёзувлар ва бошқа эълонларда, 336 та ташқи реклама воситасидаги реклама ва ахборотлар матнида луғавий маъно бузилгани ва имловий хатолар қайд этилган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва реклама матнларини давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш чоралари кўрилган. Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси гўзаллик салонлари, автосервислар ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга рекламани жойлаштириш бўйича тегишли тушунтиришлар берган.
Рақобат қўмитаси тадбиркорларни ташқи реклама, пешлавҳа ва ахборот кўрсаткичларини жойлаштиришда давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этишга чақирди.
Давлат тили талабларига риоя этилмаган 4,5 мингга яқин реклама ва ташқи ёзувлар аниқланди
18:058022 мин
Аниқланган камчиликларнинг 74 фоизи пешлавҳа ва эълонларнинг бошқа тилларда берилиши билан боғлиқ. Рақобат қўмитаси тадбиркорларни ташқи реклама, пешлавҳа ва ахборот кўрсаткичларини жойлаштиришда давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этишга чақирди.











