Вазирликнинг 20 октябрдаги хабарларига кўра, янги тайинланган раҳбарлар бунга қадар консалтинг, таълим методикаси ва техник кадрлар тайёрлаш йўналишларида фаолият юритган.
Ойбек Беҳзодович Йўлдошев таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар PwC Uzbekistan компаниясининг давлат сектори, инфратузилма ва ESG бўйича консалтинг амалиёти директори бўлиб ишлаган.

Меҳринисо Дониёровна Пардаева таълим ва илм-фан вазири ўринбосари бўлди. Тайинловга қадар Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Санжар Маҳаматжан ўғли Мирзалиев ҳам вазир ўринбосари этиб тайинланди. У аввал Беларус–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтининг ижрочи директори бўлган.

Янги ўринбосарлар таништирилган йиғилишда ижро интизоми масалалари ҳам муҳокама қилинган. Топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, масъулиятни ошириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
















