2026 йил 3 ноябрдан хорижий давлатлардан АҚШга учувчи барча йўловчилар, жумладан, транзит йўловчилар ҳам махсус декларация тўлдириши шарт бўлади.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) жорий этаётган талабга кўра, ҳар бир йўловчи АҚШга учишдан олдинги 21 кун давомида Конго Демократик Республикаси (КДР) ҳудудида бўлмаганини тасдиқловчи қоғоз ёки электрон декларацияни тўлдириши ва имзолаши керак.

КДР аэропорти орқали транзитдан ўтиш ҳам мамлакат ҳудудида бўлганлик ҳисобланади. Бу ҳатто йўловчи самолётдан ёки аэропортдан ташқарига чиқмаган ҳолатларга ҳам тааллуқли.

Жиддий талаблар КДР ҳудудида ўта хавфли Эбола вирусининг тарқалиши билан боғлиқ.

18 ёшга тўлмаган йўловчилар учун декларацияни ота-онаси, васийси ёки бошқа ваколатли шахс тўлдиради ва имзолайди.

Декларацияни тақдим этмаган йўловчилар рейсга чиқарилмайди. Қасддан ёлғон маълумот бериш эса АҚШ қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Йўловчиларга талаблар билан олдиндан танишиб чиқиш ва аэропортга келишдан аввал декларацияни тайёрлаб қўйиш тавсия этилади.

Батафсил маълумот ва декларация шакли ушбу ҳаволада мавжуд.