Украина армияси Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланиш шартларини бузган ва ундан дронлар билан одамларни ўлдириш учун зарба беришда фойдаланган, деб ёзди SpaceX раҳбари Илон Маск X ижтимоий тармоғида.
«Тижорий фуқаролик сервиси бўлган Starlink’дан одамларни ўлдириш мақсадида дронлар билан ҳужум зарбаларини бериш учун фойдаланишга ҳеч қачон рухсат берилмаган ва рухсат берилмаслиги керак. Бошқа тизим — Starshield АҚШ ҳукумати назорати остида. Ундан қандай фойдаланишни ҳал қилиш фақат уларнинг ихтиёрида», — дея қўшимча қилди у.
Маск, шунингдек, Starlink Украина мудофааси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини, чунки у «ишдан чиқариш ёки йўқ қилиш имконсиз бўлган ягона тизим» эканини ай тди.
«Агар Starlink ўчирилса, Украина фронти шу заҳоти қулайди. Бу таҳдид эмас, балки шунчаки фактни қайд этиш», — дея таъкидлади у.
Starlink — SpaceX компаниясининг кенг полосали интернетга уланиш имконини берувчи тижорий сунъий йўлдош тармоғи бўлиб, ундан жисмоний шахслар, компаниялар ва давлат тузилмалари фойдаланади.
Starshield — SpaceX компаниясининг миллий хавфсизлик соҳасидаги давлат вазифалари учун мўлжалланган алоҳида йўналиши. У ҳимояланган алоқа, Ерни кузатиш ва сунъий йўлдошларга махсус ускуналарни жойлаштиришни ўз ичига олади. Ушбу тизим қўшимча криптографик ҳимоя воситалари ва махфий маълумотлар билан ишлаш имкониятини ҳам беради.
Шу билан бирга, Starshield Starlink технологияларидан фойдаланади, унинг айрим алоқа хизматлари эса худди шу сунъий йўлдошлар гуруҳи ва ерусти инфратузилмасига таянади. Асосий фарқ уларнинг вазифаси ва назоратида: Starlink — SpaceX бошқарувидаги тижорий хизмат, Starshield тизимлари эса АҚШ ҳукумати назорати остида.
Украина дронларини алоқа билан таъминлайдиган Starshield фаолиятидаги чекловлар ҳақидаги дастлабки хабарлар 14 октябрга ўтар кечаси пайдо бўлди. Украина мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси Сергей Стерненко терминаллар соатига 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланганида алоқа узилганини маълум қилди. Кейинроқ у чекловлар кучайтирилганини билдириб, алоқа энди соатига 60–70 километр тезликда ҳам узилаётганини айтди. Узилишлар дронларни бошқариш, олдинги чизиқдаги бўлинмаларни таъминлаш ва фронт ортидаги объектларга зарба беришни қийинлаштирган.
The Economist нашри маълумотларига кўра, Маск Россия нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари учун Киевни жазолаш мақсадида Starlink’нинг Украинада ишлашини чеклашга буйруқ берган. Нашр суҳбатдошларидан бири SpaceX раҳбари чекловларни жорий этганидан кейингина Оқ уй билан боғланганини айтган. Украинада Starlink ишини чеклашга Маск шахсан буйруқ бергани ҳақида аввалроқ The Wall Street Journal ҳам

















