21 октябрь куни Нью-Мексико (АҚШ) штати судьяси компанияга 25 миллиард доллар тўлаш мажбуриятини юклади. Ҳакамлар ҳайъатининг аксарияти Meta (аввал Facebook номи билан танилган) кўп йиллар давомида фойдаланувчиларни, аввало Facebook фойдаланувчиларини, уларнинг шахсий маълумотларидан қандай фойдалангани ҳақида чалғитиб келган деб топди.

Бу Meta компаниясига нисбатан тарихдаги энг йирик жаримадир. Шу йилнинг ўзида компания яна бир нечта суд ишлари бўйича жаримага тортилган ёки келишувга эришишга рози бўлган эди. Хусусан, у болалар хавфсизлиги билан боғлиқ иш бўйича Калифорния бошчилигидаги штатлар ва ҳудудлар коалицияси ҳукуматлари билан 18 миллиард долларлик келишув тузди.

«Қасддан айтилган ёлғон»

Ўша пайтда Facebook деб аталган Meta компаниясининг Cambridge Analytica компанияси атрофидаги можарода тутган ўрни суд муҳокамасига сабаб бўлди. Кейинчалик ёпилиб кетган ушбу фирма Facebook фойдаланувчиларининг маълумотларидан ўзининг сиёсий маслаҳат хизматларини кўрсатиш фаолиятида, жумладан, Доналд Трамп илк бор ғалаба қозонган 2016 йилги АҚШ президентлик сайлови билан боғлиқ лойиҳалар доирасида фойдаланган эди.

Нью-Мексико расмийлари Meta раҳбарларининг кўп йиллар давомида фойдаланувчилар маълумотлари ҳеч қачон сотилмагани ва учинчи шахсларга берилмагани ҳақидаги кўплаб баёнотлари туфайли компанияни судга берди. Аслида эса бундай ҳолатлар юз берган.

21 октябрь куни судья Френсис Мэтю 25 миллиард долларлик жарима тўғрисида қарор чиқарди - бу Meta компаниясининг деярли чораклик фойдасига тенг.

Унинг сўзларига кўра, қонунбузарликлар ҳамда компаниянинг Facebook фойдаланувчилари маълумотлари қандай ишлатилгани ва кимга узатилгани ҳақидаги ёлғон баёнотлари қасддан содир этилган бўлиб, 2010 йилдан 2021 йилгача — 11 йилдан ортиқ давом этган.

Дастлаб, Нью-Мексико штати қонунчилигига кўра, ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланган 43 миллионта қоидабузарликнинг ҳар бири учун 5 минг доллардан ҳисобланиб, жарима миқдори 219 миллиард долларни ташкил этган эди. Бироқ судья Мэтю бу суммани 25 миллиард долларгача камайтирди.

Meta қарор устидан апелляция шикояти киритишини маълум қилди.