Лойиҳа ҳақидаги маълумотга кўра, ҳудудда замонавий инфратузилмага эга сайилгоҳ ташкил этилади. Унда аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш, атрофни ободонлаштириш ва ҳудуд қиёфасини яхшилаш кўзда тутилган.

Сайилгоҳнинг асосий хусусиятларидан бири сунъий кўл бўлади. Янги маскан туман аҳолиси билан бирга меҳмонлар учун ҳам дам олиш ҳудуди сифатида хизмат қилиши мўлжалланмоқда.

Дарахтлар тақдири бўйича нима дейилмоқда?

Хабарда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давомида табиат ҳамда мавжуд яшилликни асраш устувор вазифа этиб белгилангани таъкидланган.

Хусусан, ҳудуддаги кўп йиллик дарахтларнинг барчаси ўз жойида тўлиқ сақлаб қолиниши айтилган. Айрим кичикроқ дарахтлар эса бошқа мос ҳудудларга кўчирилади.

Маълум қилинишича, кўчириш ишлари мутахассислар назорати остида эҳтиёткорлик билан бажарилади. Бунда дарахтларнинг сақланишини таъминлаш назарда тутилган.

Лойиҳа ташаббускорлари янги сайилгоҳни ҳудуднинг экологик муҳитини яхшилашга қаратилган ишлардан бири сифатида тақдим этмоқда.

Эълонда сайилгоҳ ва сунъий кўлнинг майдони, лойиҳа қиймати ҳамда қурилишни якунлашнинг аниқ муддати кўрсатилмаган.