8562.34 USD +26.60

9731.96 EUR +165.96

135.34 RUB +2.77

10908.4 GBP +161.92

09:55 / 19.05.2019 9891

Ўзбекистонлик яна бир боксчи профессионал рингда ғалабали серия қайд этмоқда

18 май куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида жойлашган «РМК яккакурашлар академияси» спорт саройида бўлиб ўтган бокс кечасида профессионал бокснинг енгил (-61,2 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Равшанбек Умурзоқов (9-0, 7 КО) ўзининг навбатдаги жангини ўтказди.

Равшанбек Умурзоқовга бу жангда ЖАР вакили Энтони Молузани (11-4-1, 7 КО) рақиблик қилди. 10 раундга мўлжалланган мазкур жанг тўлиқ давом этди.

Жанг икки томоннинг ҳам эҳтиёткор ҳаракатлари билан бошланди, Молузани ташаббусни рақибига топшириб, ўзи иккинчи планда ҳаракат қилди. Умурзоқов эса жанг бошида қисқа ҳужумлар ва ортга тисланиш билан жанг қилди. Жангнинг тўртинчи раундида жанубий африкалик боксчининг толиққани яққол сезилиб қолди ва у клинчга киришга ҳаракат қилди, ўзбекистонлик боксчи эса ўрта ва яқин масофалардан зарбалар бера бошлади. Бешинчи раундда Умурзоқовнинг кучли зарбаси рақибни гангитди, лекин у жангни давом эттира олди. Жангнинг қолган қисмида Умурзоқов хотиржам ҳаракат қилиб куч тежади. Якунда у ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилган қарорига кўра ғолиб деб топилди.

Жангдан кейин берган интервьюсида Умурзоқов кузда жиддий жанг ўтказишини маълум қилди.

«Бу менинг илк 10 раундлик жангим бўлганига қарамай ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман. Жуда тажрибали рақиб дуч келди, у менга жиддий қаршилик кўрсатди. Мен бу жангга мураббийдан аниқ кўрсатма олгандим - кучимни 10 раундга тақсимлаш. Чунки шу вақтга қадар фаолиятимда 6 раунддан ортиқ вақтда жанг қилмагандим. Камар учун жангим 2 раунддаёқ ҳал бўлганди. Бизда катта режалар бор, кузда RCC Boxing Promotions билан ҳамкорликда катта жанг ташкиллаштиришни режалаштирмоқдамиз», деган у.

Равшанбек Умурзоқов сўнгги марта шу йилнинг 13 апрель куни Молдовада WBA Asia чемпионлик камари учун  филиппинлик Роберто Гонсалесга (28-5, 17 КО) қарши рингга чиқиб, рақибини иккини раундда нокаутга учратиши эвазига мазкур чемпионлик камарини қўлга киритганди. Ҳимоя учун муддат қисқа бўлгани боис, у бу сафар камар учун эмас балки рейтинг очколари учун жанг қилди.

Мазкур бокс оқшомида яна бир ўзбекистонлик боксчи, иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифаси вакили Сардор Музаффаров (4-2, 2 КО) тожикистонлик Асрор Воҳидовга (3-0, 1 КО) қарши жанг қилиб, 6 раундлик жангдан кейин очколар ҳисоби бўйича имкониятни бой бериб қўйди.

Бундан олдинроқ, ушбу бокс кечасида профессионал бокснинг енгил вазн тоифаси (-61,2 кг) вакили Элнур Абдураимов (5-0, 5 КО) танзаниялик, тажрибали Исса Нампепечега (30-10-6, 12 КО) қарши жанг қилиб, нокаут эвазига ғалаба қозонганди.

Top