12:00 / 25.02.2020
0
72391
Шавкат Мирзиёев Трамп ва Помпеога қандай совғалар бергани маълум бўлди

2018 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга «Регистон» мажмуасининг кумуш нусхасини ҳам совға қилган.

Фото: Samira Bouaou/The Epoch Times

Совға 2018 йил майида АҚШга расмий ташриф вақтида берилган. Мазкур миниатюра 2950 долларга баҳоланган.

АҚШ Федерал реестри 24 февраль куни эълон қилган маълумотларга кўра, ташриф вақтида Америка раҳбарининг рафиқаси Мелания Трампга 4200 доллар қийматдаги чойшаб совға қилинган, Давлат котиби Майкл Помпеога эса – 1580 доллар қийматдаги ёғоч стол ва стуллар жамланмаси совға қилинган.

Ўзбекистон раҳбаридан Оқ уй маъмуриятининг ўша вақтдаги раҳбари Жон Келли (600 долларлик картина), Трампнинг маслаҳатчиси Ларри Кудлоу (430 долларлик идишлар тўплами ва ваза) ва бошқалар ҳам совға олган.

Дональд Трампга кўплаб давлатлар раҳбарлари қимматбаҳо совғалар беришган. Франция президенти Эммануэль Макрон америкаликлар президентига 8200 доллар баҳосидаги Louis Vuitton гольф сумкасини тақдим этган ва бу Трампнинг ўзига топширилган энг қимматбаҳо совғадир. Канада бош вазири Жастин Трюдо эса баҳоси 470 доллар бўлган оқ мармардан тайёрланган белуха кити ҳайкалчасини туҳфа қилган.

Россия президенти Владимир Путин Дональд Трампга Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатига атаб чиқарилган 12 дона кумуш тангадан иборат тўпламни совға қилган, унинг қиймати 1500 долларга баҳоланган.

АҚШнинг биринчи хонимига ҳам кўплаб совғалар тақдим этилган: Франциянинг биринчи хоними Брижит Макрондан Givenchy ҳамёни (850 доллар), Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сисийдан Shosha Kamal дизайнерлик уйининг курсиси (10 минг доллар), Ливаннинг АҚШдаги элчиси Габриэл Иссадан 450 долларлик туника.

  • Энг қимматбаҳо совғани ҳам Мелания Трамп олган — Қатар амири Тамим ибн Ҳамад унга Нимфенбург чиннисидан тайёрланган 23 минг долларлик олтита ликопчадан иборат тўпламни совға қилган.
  • Энг арзон совғалар нархи 450 долларлик бўлиб, Давос мэри совға қилган гольф чавгони ва Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий туҳфа этган дастурхон ана шу нархга баҳоланган.

АҚШ Федерал реестри маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трампнинг оиласи ва президент администрациясининг юқори мартабали вакиллари 2018 йилда хорижий давлатлари раҳбарларидан жами 88 420 АҚШ доллари қийматидаги совғалар қабул қилиб олишган.

Деярли барча совғалар анъанага кўра, сақлаб қўйиш учун Миллий архив ва ҳужжатлар бошқармасига топширилган. Совға олганлар давлат хизматчиси бўлгани сабаб совғаларни сотиб олиш имконига эга. Масалан, Жаред Кушнер ва Иванка Трамп Иордания қироли ва қироличаси совға қилган 3185 долларлик тўртта билагузукни сотиб олишга қарор қилишган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top