11:00 / 26.04.2020
1963
«Олимпиакос» келишилган учрашувда қатнашганликда гумонланмоқда

«Олимпиакос» эгаси Евангелос Маринакис, «Атромитос» эгаси Гиоргос Спанос ва олти нафар собиқ футбол ҳакамларига нисбатан ҳам айбловлар эълон қилинган.

Фото: Global Look Press

«Олимпиакос» ва «Атромитос» жамоалари келишилган учрашув ўтказишда гумонланмоқда, улар Греция Суперлигасидан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда Sport24, SDNA нашрлар ва Sport FM радиостанцияси хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, Греция футбол федерациясининг этика қўмитаси интизомий суриштирув ўтказмоқда. Қўмита 2015 йил 4 февралда «Олимпиакос» ва «Атромитос» ўртасидаги учрашувдан шубҳаланмоқда. Ўшанда «Олимпиакос» уйида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Sport FM радиостанциясининг билдиришича, қўмита аввалроқ бу учрашув бўйича суриштирув ўтказган, аммо ўшанда ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганди.  

«Олимпиакос» ва «Атромитос» учрашувидаги айнан қандай ҳолатлар шубҳа уйғотгани хабар қилинмаган. Клубларга 3 млн евродан жарима ҳам солиниши мумкин.

Шунингдек, «Олимпиакос» эгаси Евангелос Маринакис, «Атромитос» эгаси Гиоргос Спанос ва олти нафар собиқ футбол ҳакамларига нисбатан ҳам айбловлар эълон қилинган.

«Олимпиакос» — Грециянинг энг совриндор жамоаси ҳисобланади. У 44 марта Греция чемпиони бўлган, 27 марта мамлакат Кубоги ва тўрт марта Суперкубогини қўлга киритган. Жамоа 1999 йилги Чемпионлар лигасида чорак финалгача етиб борган.

Top