14:12 / 12.06.2020
1303
Ўзбекистонда кунига 6 миллион дона тиббий ниқоб ишлаб чиқарилмоқда

Айни пайтда Ўзбекистонда кунига 10 миллион дона тиббий ниқоб ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Талаб даражасига қараб кунига 6 миллион дона ҳимоя ниқоби ишлаб чиқарилмоқда.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров Миллий матбуот марказида ўтказилган онлайн матбуот анжуманида тўқимачилик саноатидаги янгиликлар ва пандемия даврида кузатилган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

«Тўқимачилик саноати тизимида 1850дан ортиқ катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритмоқда ва уларда 320 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.

2019 йилда тизимда 1,9 миллард долларга тенг маҳсулотнинг 50дан ортиқ давлатга экспорт амалга оширилди», дея таъкидлади Илҳом Ҳайдаров.

Уюшма раисининг таъкидлашича, ўзбек пахтасини қайта ишлаш даражаси ҳам ошмоқда. 2016 йилда 450 минг тонна пахта қайта ишланган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилда 760 минг тоннани ташкил этган. Жорий йил эса 910 минг тонна пахтани қайта ишлаш имкони бор.

«Ўтган 5 ой давомида ҳам ўсиш динамикасини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Ҳозир тўқимачилик саноати республикада экспорт салоҳияти бўйича ва иш ўрни яратиш борасида иккинчи ўринда туради», деди Илҳом Ҳайдаров.

Уюшма раисининг таъкидлашича, пандемия даврида бозорлар ёпилиши ва транспорт ҳаракатининг чекланиши билан бир муддат тўқмачилик саноати маҳсулотлари экспортида пасайиш кузатилган. Панмедиянинг энг мураккаб даврида 1 миллион долларга тенг экспорт қилинган бўлса, ҳозир бу қиймат 6 миллион долларга етказилган.

«Пандемия даврида ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни кескин ошириш вазифаси ҳам қўйилди. Шу даврда ҳимоя ниқоблари, ҳимоя кийимларини ишлаб чиқариш миқдори ошди. 

Бу борада экспорт ҳам йўлга қўйилди. Куни кеча Кувайт давлатига 2 миллиондан ортиқ ниқоблар юборилди», деди у.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда кунига 10 миллион дона тиббий ниқоб ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Талаб даражасига қараб кунига 6 миллион дона ниқоб ишлаб чиқарилмоқда.

Top