Миср позицияси

Мисрнинг Ливия масаласига аралашиши мумкинлиги ҳақида берган баёноти турли мақсадларни кўзда тутади. Айтиш жоизки, Мисрнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ливия ишига аралашиши халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келмасди. Яъни унинг Ливияда ҳарбий куч ишлатишига қонуний асос келтирилиши лозим эди.

Биринчидан, ҳар бир мамлакат каби Мисрнинг ҳам БМТ томонидан берилган ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи мавжуд. Аммо Миср ўзининг мудофаа ҳуқуқини талаб қилиб, трансчегаравий ҳарбий операция амалга ошириши учун Ливия унинг ҳудудини босиб ўтиб, унга қарши ҳарбий куч ишлатган бўлиши керак. Ливия Миллий келишув ҳукумати бундай иш қилмагани боис Мисрнинг Ливияга қарши амалиётга киришиши халқаро ҳуқуққа зид қадам бўлади.

Иккинчидан, Мисрнинг Ливияга қарши куч ишлатиши фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарори қабул қилинган тақдирдагина қонуний кучга эга бўлади. БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар бундай қарор қабул қилганича йўқ. Демак, Мисрнинг юқоридаги баёноти қонунга хилоф.

Учинчидан, чегаравий ҳарбий кучдан фойдаланишнинг яна бир шарти шуки, мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олинган қонуний ҳукуматининг ўзи маълум бир давлатга расмий талаб билан чиқиши керак. БМТ томонидан тан олинган Ливия Миллий келишув ҳукумати эса Мисрга бундай талаб билан чиқмади, аксинча, унинг баёнотини кескин қоралади.

Тўртинчидан, бирор давлатнинг трансчегаравий ҳарбий аралашувга киришиш шартларидан яна бири – ўша мамлакат, яъни Мисрнинг миллий хавфсизлигига Ливия чегарасида жиддий таҳдид туғилишидир. Аммо маълумки, Миср-Ливия чегарасидан то Ливиянинг деярли ғарбий минтақаларигача бўлган ҳудуди унинг ўзи дастак бераётган Халифа Ҳафтар бошчилигидаги кучлар томонидан назорат қилинмоқда. Ҳафтар кучлари назорати остидаги ҳудуд Ливия консенсуси ва Миср ўртасидаги буфер зонани ташкил қилади. Бошқача айтганда, Ливия миллий келишув ҳукумати томонидан Мисрга қандайдир хавфсизлик таҳдиди бўлиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун, Мисрнинг Сирт шаҳри ва Куфрадаги авиабазанинг Ливия Миллий келишув ҳукумати қўлига ўтишига доир муносабати, аслида, унинг Ливия ҳудудидаги стратегик мавқейини йўқотиш хавотиридан келиб чиқмоқда. Миср Ливияга ҳарбий аралашувни амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги ўз баёноти билан бир қатор натижаларга эришишни мақсад қилмоқда. Чунончи, у Триполидаги ҳукуматнинг шарққа қараб юришини тўхтатмоқчи. Чунки Фоиз Сарож тарафдорларининг ҳарбий муваффақиятлари Ҳафтарга бўлган ишончни пасайтирмоқда. Бу ўз навбатида Ҳафтар тарафдорлари орасида ўзаро ҳамжиҳатлик сусайишига олиб келади. Миср эса сценарийнинг бу йўсинда ривожланишини истамайди.