12:33 / 09.09.2020
35709
Ўзбекистон Сенатининг энг кекса аъзоси Шарап Уснатдинов вафот этди

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, фидойи журналист, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Шарап Уснатдинов 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Марҳумнинг ўлими сабаблари келтирилмаган.

«Журналист, сиёсатчи Ш.Уснатдинов 1942 йил Кегейли туманида туғилган. Марҳум Нуроний жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси сифатида узоқ йиллар мамлакатимизнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшган инсон. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган ёзувчи, жамоат арбоби халқимизга «Кимга кеч, кимга тонг саҳар», «Сўнгги овчи», «Кўрганларим, кўнгилдагиларим», «Биринчи қорақалпоқ балетмейстери», «Шоирнинг ёшлиги» каби роман ва қиссаларини мерос қилиб қолдирди», дейилади хабарда.

Шарап Уснатдинов 2020 йил январида ўтказилган сайловларда Ўзбекистон Сенати аъзоси этиб сайланганди. Марҳум янгиланган Сенатнинг энг кекса аъзоси бўлганди. У Қорақалпоғистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари ҳам ҳисобланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июлида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Ерниязов 73 ёшида коронавирус туфайли вафот этганди.

Top