08:51 / 16.10.2020
7917
«Ўзбекистон яна катта масъулиятни зиммасига олди». Наталья Герман Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашига аъзо бўлгани ҳақида

БМТ махсус вакили Наталья Герман Ўзбекистон ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани муносабати билан ўз мулоҳаза ва фикрларини Kun.uz'га маълум қилди. Унинг айтишича, бу мақсадга эришиш осон бўлмаган ва бундан кейин масъулият янада ошади.

Марказий Осиёга уюштирган турнеси давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича махсус вакили Наталья Герман 14 октябрь оқшомда Тошкентга ташриф буюрди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда расмий Тошкент жаҳон аренасида эришган сиёсий ғалабага тўхталиб ўтди. 

«Аввало мен президент Шавкат Мирзиёев ва бутун Ўзбекистон халқини тарихий воқеа билан табриклайман. 13 октябрда 169та давлат қўллаб-қувватлови билан Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига айланди. Ўзбекистон БМТнинг бу муҳим механизмида 2021 йилнинг январь ойидан бошлаб, кейинги 3 йил мобайнида фаолият юритади. 

Айни вақтда, мен Ўзбекистоннинг ушбу муҳим маррагача босиб келган мақсадли ва жиддий йўлига бироз тўхталмоқчиман. Буни 2017 йилдан бошлашни хоҳлардим, чунки айнан ўша йили ҳукумат томонидан 5 йил давомида мамлакатни барча жабҳасини ривожлантириш тўғрисида 5 босқичли стратегия қабул қилинган эди. Албатта, жаноб президент томонидан стратегик ҳужжатда таъкидланган жабҳалардан бири — Ўзбекистондаги асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва ривожлантириш борасидаги қилинадиган катта ишлар. 

2018 йилда биз бутун жаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 70 йиллигини нишонладик. Ўзбекистонда ушбу ҳужжат юбилейини жамият ривожланишида муносиб равишда нишонлаш муносабати билан миллий ҳаракат ва тадбирлар дастури қабул қилинди. 2018 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форумида иштирок этганлигим мени жуда қувонтирди. Ёдингизда бўлса, биз ўшанда асосан жаноб президентнинг саъй-ҳаракатлари натижасида юзага келган Самарқанднинг минтақадаги янги ҳамкорлик даражасини ифода этувчи шукуҳи ҳақида гапирган эдик. Ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият, айниқса БМТ томонидан тўлиқ ва муносиб равишда қўллаб қувватланишига ишончим комил. 

Ўзбекистон ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажаришни давом эттирмоқда ва 2017 йилда ишлаб чиқарилган ҳужжат бўйича президент томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар 13 октябрда мевасини берди. БМТ бош котибининг Марказий Осиё минтақасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили сифатида айтаманки, мен учун бу ҳолат Ўзбекистоннинг ўз истаги билан зиммасига олган вазифаларни жиддий ва қатъият билан бажараётгани исботидир. Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши билан инсон ҳуқуқлари мавзусининг бутун критерияларини ўзининг кўп сонли аҳолиси орасида энг юқори даражага чиқариш ва мустаҳкамлаш вазифа ва мажбуриятларини яна бир бор ўз зиммасига олди. Шунингдек Ўзбекистон ушбу йўналишдаги минтақалараро ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу борада кўмакка муҳтож мамлакатларга ёрдам бериш вазифаларини ҳам ўз зиммасига олди. Бу воқеа бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан қадам бўлди, деб ҳисоблайман. 

Мен яна бир бор давлат ҳаётидаги ушбу муҳим тарихий ҳодиса билан Ўзбекистонни табриклаб қоламан ва келгусидаги олиб бориладиган ишларда омад тилайман, чунки бу жуда катта масъулиятни ҳам талаб этади. Барча мамлакатлар бу йўналишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди», — деган у.

Эслатиб ўтамиз,  2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакат учун БМТга аъзо 191 давлатдан 169таси овоз берди.

Top