12:27 / 04.03.2021
7774
Ўзбекистон дунё иқтисодий эркинлик индексида 6 поғона кўтарилди

Республика халқаро рейтингда сўнгги 4 йил ичида 44 та ўрин юқорилади, охирги ҳисоботга нисбатан эса 6 поғона кўтарилди.

«Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан Wall Street Journal билан ҳамкорликда «Иқтисодий эркинлик индекси-2021» ҳисоботи эълон қилинди.

Унда Ўзбекистон 186та мамлакат орасида 58,3 балл билан 108-ўринни эгаллагани қайд этилган. Сўнгги ҳисоботга кўра, мамлакат рейтинги 1,1 баллга яхшиланиб, 6 поғонага кўтарилган. Шу билан бирга, охирги тўрт йилда 44 та ўрин (152-ўриндан 108-ўринга) юқорилаган.

Иқтисодий эркинлик индексида республика 12та индикаторнинг 7 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, шу билан 3 та индикаторда пасайган ва 2 таси бўйича кўрсаткичлар ўзгармаган.

Ҳисобот 2019 йилнинг 1 июлидан 2020 йилнинг 1 июлигача бўлган даврга оид маълумотлар базасидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон рейтингда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 40та мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади.

Мазкур дунё рейтингининг энг юқори 3 та поғонасини Сингапур (89,7 балл), Янги Зеландия (83,9 балл) ҳамда Австралия (82,4 балл) эгаллаган.

Энг қуйи ўринларда эса Куба (28,1 балл), Венесуэла (24,7 балл) ва Шимолий Корея (5,2 балл) жойлашган.

Аввалроқ, Ўзбекистон жаҳон мамлакатларининг фаровонлик рейтингида 5 ўринга кўтарилиб 97-ўринни эгаллагани хабар қилинганди. Рейтингда республиканинг энг заиф томонлари сифатида экологик муҳит, шахсий эркинлик ва давлат бошқаруви самарадорлиги келтирилган.

Top