09:29 / 20.04.2021
1320
Ўзбекистон чакана ва улгуржи савдо товар айланмаси ҳажмида ўсиш кузатилди

Жорий йил январ-март ойларида республика чакана савдо товар айланмаси ҳажми ўтган йил мос даврига нисбатан 2,8 фоизга, улгуржи савдо товар айланмаси эса 9,4 фоизга ўсди.

Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг 1-чораги бўйича Ўзбекистон чакана ва улгуржи савдо товар айланмаси тўғрисида маълумот берди.

Чакана савдо товар айланмаси

Республика бўйича жорий йил январ-март ойларида чакана савдо товар айланмаси ҳажми 46 трлн 738 млрд 100 млн сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 фоизга ошди.

Жумладан:

  • йирик корхоналарнинг товар айланмаси 8 трлн 164 млрд 100 млн сўмни (ўсиш суръати 20,9 фоиз);
  • кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 34 трлн 295 млрд 300 млн сўмни (ўсиш суръати 9,5 фоиз);
  • шундан уюшмаган савдо товар айланмаси 4 трлн 278 млрд 600 млн сўм (ўсиш суръати 1,7 фоиз)ни ташкил этди.

Республика чакана савдо товар айланмасида энг юқори улуш Тошкент шаҳрида 11 трлн 225 млрд 900 млн сўм (24 фоиз) билан қайд этилди. Энг қуйи улуш эса 787,6 млрд сўм (1,7 фоиз) билан Сирдарё вилояти ҳиссасига тўғри келди.

2021 йилнинг январ-март ойлари ҳолатига кўра, ўртача аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси 1 млн 349 минг сўмни (2020 йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоизга ошди) ташкил этди.

Ушбу кўрсаткични ҳудудлар кесимида солиштирилганда энг юқориси Тошкент шаҳри (4 млн 149 минг сўм), Навоий (1 млн 728 минг сўм) ва Тошкент (1 млн 629 минг сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Улгуржи савдо товар айланмаси

Республика бўйича 2021 йил 1-чорагида улгуржи савдо товар айланмаси ҳажми 24 трлн 748 млрд 200 млн сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 фоизга ўсди.

Жумладан, йирик корхоналарнинг савдо товар айланмаси 7 трлн 670 млрд 500 млн сўмни (37 фоизга кўпайди) ташкил этди.

Улгуржи савдо товар айланмасида юқори ўсиш суръатларига эга йирик корхоналар Бухоро вилояти (22 фоиз), Тошкент шаҳри (10,7 фоиз) ва Самарқанд (5,4 фоиз) вилоятида кузатилди.

Ҳисобот даврида улгуржи савдода давлат секторининг жами улгуржи товар айланмасидаги улуши 0,1 фоизни ташкил қилди.

2021 йилнинг январ-март ойлари якунлари бўйича улгуржи савдо айланмаси 74 трлн 603 млрд 400 млн сўм бўлиб, шу жумладан, нодавлат тасарруфга эга субъектлар томонидан улгуржи савдо айланмаси 74 трлн 574 млрд 500 млн сўмни ва давлат тасарруфига эга корхоналар томонидан 28,9 млрд сўмни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида улгуржи савдо товар айланмаси бўйича мулкчилик шакллари улуши таҳлил қилинганда, давлат мулкига тегишлиси ҳали ҳам Тошкент шаҳрида (0,07 фоиз), Навоий (0,04 фоиз) ва Андижон (0,02 фоиз) вилоятларида сақланиб қолинганини кўриш мумкин. Бошқа барча ҳудудларда улгуржи савдо тўлиқ нодавлат мулкка тегишли.

Top