11:35 / 09.06.2021
4138
Чўмилиш ҳавзаларига бораётган болаларни назоратсиз қолдирманг - ФВВ

Чўмилишга борган болалар Чирчиқ дарёсида сув сатҳи кескин кўтарилгани сабабли дарё ўртасидаги оролчада қолиб кетишди. Улар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув гуруҳи томонидан қутқарилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Вазирлик ахборот хизмати хабар беришича, 2021 йилнинг 8 июнь куни Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига чўмилиш мақсадида борган болалар дарё ўртасидаги оролчага сузиб боришган. Aммо сув сатҳининг кескин кўтарилиб, оқим тезлашганлиги туфайли орқага қайтишнинг имкони бўлмаган. Болалар бу вазиятда тунги вақтгача оролчада қолиб кетишди.

Мазкур ҳолат ҳақида соат 21:00да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар берилган ва қутқарув отряди сувда қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчилари зудлик билан етиб боришди. Дарё ўртасида қолиб кетган 13 ва 14 ёшларда бўлган уч нафар бола махсус кичик ҳажмли кемада қирғоққа олиб ўтилиб, ота-оналарига топширилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Kun.uz’га берган маълумотида ота-оналарга мурожаат қилди.

«Ёз фасли муносабати билан чўмилиш ҳавзаларига бораётган фарзандларингизни назоратсиз қолдирманг, уларнинг тақиқланган жойларда чўмилмаслигига, хавфсизлик қоидаларига риоя қилишларига эътиборли бўлинг. Акс ҳолда нохуш вазиятлар келиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас», дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг беш ойи мобайнида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан 26 нафар фуқаронинг чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар қайд этилган. Мазкур 26 ҳолатнинг 14тасида вояга етмаган болалар сувда чўккани маълум бўлган. 2020 йилда эса 160 нафардан ортиқ шахс сувда чўкиш оқибатида вафот этган. 

Top