14:09 / 28.07.2021
331
Навоийда МИБ томонидан 6 ойда қарийб 232 млрд сўм ундирилган

МИБ органлари ташкил этилганидан бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 2 трлн 555 млрд сўмлик ҳужжатларнинг ижроси таъминланган. Бу ҳақда 2021 йил 27 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

МИБ Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Олимжон Мардоновнинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоятда 695 млрд сўмлик 71 614 та ижро ҳужжати юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган. Ушбу даврда бошқарма томонидан 24 854 та ижро иши бўйича қарийб 232 млрд сўм (72,4 млрд сўми давлат фойдасига, 144,5 млрд сўми юридик шахслар фойдасига ҳамда 14,8 млрд сўми жисмоний шахслар фойдасига) маблағ ундирилган.

Шунингдек, суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 152 нафар шахс ишга тикланиб, тўланмай қолган 757 млн сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган. 

Маълум қилинишича, айни вақтда давлат ижрочиларининг иш юритувида бўлган 38 354 та ижро ҳужжатининг 11 254 таси алимент масаласи билан боғлиқ. Йилнинг ўтган муддатида 232 та оила яраштирилган, қарздор оталардан эса жами 2,5 млрд сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилган. 

Бугунги кунда бошқарма иш юритувида мулкий ундирувлар билан боғлиқ 308,1 млрд сўмлик 38 354 та ижро иши, шу жумладан давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 48,4 млрд сўмлик 14 411 та ижро иши сақланиб келмоқда. Ундирувлар билан боғлиқ энг паст кўрсаткичлар Навоий шаҳри, Кармана ва Нурота туманларига тўғри келади.

Top