12:47 / 01.11.2021
22623
Москва мэрияси қурилишда мигрантлардан бутунлай воз кечиш режасини ишлаб чиқмоқчи
Фото: РБК

Москва шаҳар маъмурияти қурилишда мигрантлар меҳнатидан фойдаланишдан бутунлай воз кечишни назарда тутувчи, кадрлар инқирозини бартараф этиш режасини ишлаб чиқади, дея маълум қилди Москва мэрининг шаҳарсозлик сиёсати ва қурилиш бўйича ўринбосари Андрей Бочкарев РБК’га берган интервьюсида.

Бочкаревнинг сўзларига кўра, Москва шаҳридаги қурилиш объектларида ишчи кучи танқислиги юзага келди. Бунга пандемия даврида мигрантларнинг ўз ватанларига жўнаб кетиши ҳам таъсир кўрсатди. Ҳозирги вақтда пандемиядан олдин Москва қурилиш объектларида ишлаган 120 минг муҳожирдан фақат 40 минг киши қолган - қолганлари Москвани тарк этган. 

Мэр ўринбосарининг ҳисоб-китобига қараганда, меҳнат ресурслари тақчиллиги тахминан 40 фоизни ташкил қилмоқда. Кадрлар инқирозини бартараф этиш усулларидан бири - меҳнат унумдорлигини ошириш. 

“Қурилиш жараёнига уч баробар кам одам талаб қилиниши керак, уларнинг маоши эса икки, ҳатто уч баробар кўп бўлиши лозим. Шунда биз икки баравар тез қураётган бўлардик”, деди Андрей Бочкарев. 

Бунга, Бочкаревнинг фикрича, қурилишдаги технологик ечимлар, жараённи механизациялаш ва барча даражадаги ишчиларни сифатли тайёрлаш орқали эришиш мумкин. 

Коронавирус пандемияси туфайли Россияга кириш қоидалари, шу жумладан меҳнат муҳожирлари туфайли ўзгартирилди. Қурилиш ташкилотлари ишчи кучининг четга чиқиб кетаётгани ҳақида бир неча бор шикоят қилган. Маҳкумлар меҳнатидан фойдаланиш қурилишдаги кадрлар инқирозига қарши кураш чораларидан бири сифатида қаралди. 

Аввалроқ, Россияда мигрантларга геном бўйича рўйхатдан ўтиш мажбурияти юкланиши мумкин экани хабар берилганди.

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг маълум қилишича, Россияда мамлакатга яқин ва қўшни давлатлардан келган барча меҳнат муҳожирларига геном бўйича рўйхатдан ўтиш мажбурияти юклаб қўйилиши лозим. 

Александр Бастрикин бундай чорага бўлган эҳтиёжни мамлакатга келганлар томонидан содир этилаётган ўта хавфли жиноятлар сонининг ортиб бораётгани билан боғлаган.

Top