Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан ядровий қурол «аниқ ва реал» таҳдидга айланди. Бу ҳақда Нагасаки мэри Томиҳиса Тауэ 9 август, сешанба куни Япониянинг ушбу жанубий шаҳрида атом бомбаси портлаганининг 77 йиллиги муносабати билан ўтказилган маросимда сўзлаган нутқида маълум қилди.
«Жорий йилнинг январь ойида бешта ядровий давлат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой қўшма баёнот чиқариб, «ядро урушида ғолиб бўлиши мумкин эмас ва уни ҳеч қачон қўзғатмаслик керак», деб таъкидлади», деди Тауэ. «Аммо, кейинги ойда Россия Украинага бостириб кирди. Бутун дунёни ларзага солган ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидлари янгради», деди у.
«Ядро қуролидан фойдаланиш «асоссиз қўрқув» эмас, балки «аниқ ва реал инқироз»дир», — дея қўшимча қилди мэр. У нотўғри мулоҳазалар, носозликлар ёки террористик ҳужумлар натижасида қўлланилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Тауэнинг сўзларига кўра, уруш олиб бориш ўрнига инсоният «ишончни ёядиган, бошқаларни ҳурмат қиладиган ва мулоқот орқали ҳал қилишга интиладиган тинчлик маданиятини» ривожлантириши керак.
Омон қолганлар, халқаро ва маҳаллий меҳмонлар сешанба куни шаҳарнинг марказий қисмидаги Тинчлик боғига йиғилиб, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Маҳаллий вақт билан соат 11:02 да АҚШ ҳарбий самолётлари Нагасакига бомба ташлаган пайтда, бир дақиқа сукут сақланди.
1945 йил 6 августда АҚШ инсоният тарихида биринчи марта жанговар ядро қуролини қўллади: Японияни Иккинчи жаҳон урушида таслим бўлишга кўндириш мақсадида Вашингтон Хиросимага «Кичкинтой» атом бомбасини ташлади. Зарба тўлқини натижасида 70 000 га яқин тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, яна 200 000 киши ядровий нурланиш таъсиридан вафот этди.
Уч кундан сўнг, 9 август куни Нагасаки шаҳрига яна бир Америка атом бомбаси ташланди ва 74 мингга яқин одам ҳалок бўлди. 1945 йил 15 августда Япониянинг таслим бўлиши билан Иккинчи жаҳон уруши тугади. Бугунги кунга қадар Япониянинг ҳар иккала шаҳрида минглаб одамлар радиация таъсиридан азият чекмоқда.











