17:37 / 18.09.2022
13774
Зеленский Қримни дипломатик йўл билан қайтариш мумкинлиги ҳақида гапирди
Фото: Insider

Украина президенти Володимир Зеленский Reuters учун берган интервьюсида Қрим Украина назоратига дипломатик йўл билан қайтарилиши эҳтимоли ҳақида гапирди.

«Шундай бўлиши мумкин. Албатта, Украинада одамлар бу масалани дипломатик йўл билан ҳал этиш вариантини кўпроқ қўллаб-қувватламоқда. [Аммо] бу масалани одамларнинг қайси доираси муҳокама қилиши ва бу қачон бўлишини ҳозир айта олмайман», — деган у.

Президент Reuters мухбирининг Қримда Россиянинг кўплаб ҳарбий базалари жойлашганини инобатга олган ҳолда, яриморолни Украинага қайтариш истиқболлари борасидаги саволига жавоб қайтарган.

Зеленский Украина «фақат ўзининг барча ерларини қайтаргачгина, хотиржам ухлаши мумкинлиги»ни қайд этган. «Бошқа имкони йўқ, шунчаки бошқа чиқиш йўли йўқ, ҳудудларни озод этиш керак», — деган у.

Урушнинг илк ҳафталарида Украина ҳукумати Қримга эгалик қилиш масаласида Россия билан муроса қилишга тайёр эди, хусусан, бу масалани ҳарбий йўл билан ҳал қилишдан 15 йил муддатга тийилиб туриш ҳақида таклиф бўлган. Ҳозирда Киев Россия билан фақатгина РФ ҳарбийлари Украинанинг бутун ҳудудини тарк этсагина музокара ўтказишга тайёр.

Август ойида украин ҳарбийлари Россиянинг Қримдаги авиабазаларига зарбалар йўллади. Сентябр ойи бошида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўз мақоласида уруш истиқболлари ҳақида сўз юритиб, 2023 йилда Қримни озод этиш бўйича ҳарбий амалиёт ўтказилиши мумкинлигини айтганди, шу билан бирга, бунинг учун Украинага «Ғарбнинг етакчи мамлакатларининг ишлаб чиқариш базалари ва захиралари»дан фойдаланиш талаб этилишини таъкидлаганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top