Ўзбекистонда тиббий суғурта тизими синов тариқасида жорий қилинмоқда. Биринчи бўлиб амалиёт Тошкент шаҳрида, шунингдек, Навоий вилоятида ҳам жорий қилинади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов хабар берди. 

«Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида таъкидланганидек, 2023 йилдан бошлаб, Давлат тиббий суғурта тизимини Тошкент шаҳрида жорий қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Биз ўзимизга мажбурият олган ҳолда Навоий вилоятида ҳам тиббий суғуртани йўлга қўямиз», деди вазир. 

Иноятов сўзларига кўра, бир ой муддатда тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича қарор ишлаб чиқилади.  

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 72 та поликлиника ва 40 та шифохонани компютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминлашга 30 млрд сўм йўналтирилади. 

Тошкент шаҳрида 2023 йил 1 июлдан тиббий суғурта тизими механизмлари жорий этилади. 

Бунда тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади. Шундан сўнг, ҳар бир бемор қачон, қаерда ва қандай даволаниши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади.