Инқирозга учраган мамлакатларда сўнгги йилларда тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган ёш аёллар сони кескин ошди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг 7 март, сешанба куни Халқаро хотин-қизлар куни арафасида эълон қилинган ҳисоботида айтилади.
Ҳисоботга кўра, глобал озиқ-овқат ва овқатланиш инқирозидан энг кўп зарар кўрган 12 мамлакатда 6,9 миллион ҳомиладор ва эмизикли қиз ва аёллар тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Бу 2020 йилга нисбатан 25 фоизга кўп, ўшанда бу кўрсаткич 5,5 млн эди.
Бу давлатлар, жумладан Афғонистон, Буркина-Фасо, Яман, Кения, Мали, Нигер, Нигерия, Сомали, Судан, Чад, Эфиопия ва Жанубий Судан «Украинадаги уруш ва давом этаётган қурғоқчилик, айрим мамлакатлардаги зиддият ва беқарорлик туфайли кучайган глобал озиқ-овқат инқирозининг эпицентрини ифодалайди», деб ёзади ЮНИСЕФ.
Ҳисоботда қайд этилишича, бутун дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ қиз ва аёллар тўйиб овқатланмаслик, тана вазнининг камлиги ва бўйи пастлиги, шунингдек, муҳим микроэлементлар танқислиги ва камқонликдан азият чекмоқда, бу уларнинг ҳаёти ва фаровонлиги учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади.











