Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ижрочи котиби Олга Алгаерова билан Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, унинг мониторингини олиб боришда замонавий технологияларни қўллаш бўйича ЕИК билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.
ЕИК раҳбари ҳозирда БМТ доирасида сув масаласига қаратилган воситалар мавжудлиги ва улар 30 йиллик синовдан ўтганини таъкидлади. Учрашув якунида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида янги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.
БМТ Тараққиёт дастури администраторининг ёрдамчиси — Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюро директори Ивана Живкович билан учрашувда Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгаришига қарши, маҳаллий аҳоли ижтимоий ҳимоясини яхшилашга қаратилган техник ва молиявий лойиҳаларни кўпайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг 2-Барқарор ривожланиш бондларини чиқаришда БМТТД билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.











