Қишлоқ хўжалигида илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш учун амалдаги институционал инфратузилмани ўзгартириш вақти келгани қайд этилди. Шу мақсадда соҳадаги 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ҳамда 2,5 мингдан ортиқ олим ва илмий ходимлар ягона тузилма — Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштирилиши белгиланган.

Тақдимотда академия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида биотехнология ва молекуляр биология, ген инженерияси ва гибрид уруғчилиги, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, космик ва дрон технологиялари, ерлар деградацияси ва соғлом тупроқ, органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария ҳамда рақамли қишлоқ хўжалиги йўналишларини белгилаш таклиф этилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги учун кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни узвий боғлайдиган тизим яратиш, меҳнат бозори талабига мос мутахассислар тайёрлаш вазифалари белгиланди. Хусусан, келгусида талабаларнинг катта қисми ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, агрокластерлар ва соҳавий илмий-тадқиқот институтларида амалиёт ўташини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Президент тақдимотда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.











