21:57 / 23.03.2023
43712

Зилзиланинг дахли йўқ: Тошкентда янги уй фасади нега ўпирилиб тушди?

Тошкентдаги янги қурилган кўп қаватли уйларнинг девори зилзиладан сўнг ёрилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳодиса жойига бориб, мутасаддилардан ҳолат юзасидан изоҳ олди. 

Яшнобод тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Иззатилла Зиёвуддиновга кўра бино икки йилдан буён шу ҳолатда турибди ва фасад қисмининг кўчиб тушиши 23 март куни тунда содир бўлган зилзила билан боғлиқ эмас.

Иззатилла Зиёвуддинов, Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари Фото: Kun.uz

“Бу лойиҳа Parkent Plaza-3 лойиҳаси бўлиб, интернетда тарқалган видеонинг зилзилага мутлақо алоқаси йўқ. Бинонинг фасади икки йилдан бери мана шу ҳолатда турибди. Бино фасадидаги декорация тушиб кетгани сабабли унинг жойини пенопласт билан ёпиб қўйишган. Ходимларимиз билан уйларнинг ичларини кўриб чиқдик, ичкарида ҳеч қандай ёриқлар йўқ.

Бу уйларни қурган FDG компанияси қурилиш материалларини олган фирма билан судлашиб, сентябрь ойида судда ютиб чиқишган. Энди улар фасад ўпирилиб тушган жойларни қайтадан тўғрилаб чиқишади”, дейди Иззатилла Зиёвуддинов.

Фасад қисми ўпирилиб тушган Parkent Plaza-3 турар жой мажмуаси Фото: Kun.uz

Расмийларнинг сўзларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида бир қатор хонадонларга кириб, у ерда ёриқлар бор-йўқлиги, фасад қисмининг кўчиб тушиши ичкарига таъсир кўрсатган ёки кўрсатмагани билан қизиқдик.

Фасади ўпирилиб тушган уйдаги хонадоннинг ички кўриниши Фото: Kun.uz

Кузатувларимиз давомида уйларнинг ичида ҳеч қандай ёриқлар ёки дарз кетиш аломатларига кўзимиз тушмади. Қолаверса, шу ерда яшовчилар ҳам фасад анча олдин ўпирилиб тушганини тасдиқлашди.

Виктория Жозеф, Parkent Plaza-3 турар жой мажмуасида яшовчи фуқаро Фото: Kun.uz

“Хонадонимиз бус-бутун. Деворларда ёриқ, дарз кетишлар пайдо бўлгани йўқ. Икки кун давомида иккита кучли зилзила бўлди, аммо уйимизнинг ташқи фасадидаги ўзгаришлар ер қимирлаши билан боғлиқ эмас. Улар анчадан бери шу ҳолатда турибди”, дейди Виктория Жозеф.

Фасади ўпирилиб тушган уйнинг узоқдан кўриниши Фото: Kun.uz

Турар жой мажмуасини қурган FDG компаниясининг маркетинг бўлими бошлиғи Гўзал Қодирова бинонинг фасад қисмида ишлатилган қурилиш материаллари сифатсиз бўлгани сабабли улар кўчиб тушгани, шу боис компания етказилган зарарни қоплаш мақсадида ушбу маҳсулотларни етказиб берган пудратчи билан судлашгани, суд уларнинг фойдасига қарор чиқарганини маълум қилди.

Гўзал Қодирова, FDG компаниясининг маркетинг бўлими бошлиғи Фото: Kun.uz

“Бу турар жой мажмуаси 2017 йилда қурила бошланганди. 2018-2019 йилларда Parkent Plaza-2 ва 3 мажмуаларидаги барча хонадонлар сотиб бўлинганди. Икки-уч йилдан бери бу ерда одамлар яшаб келяпти.

Фасад икки йилдан бери шу ҳолатда турибди. Бу ҳолат зилзиладан кейин содир бўлгани йўқ. Бинони ташқи тарафдан декорация шаклида безашимиз учун бизга етказиб берилган ғишт сифатсиз бўлиб чиқди. Пудратчи билан судлашиб, судда ютиб чиқдик. Сентябрь ойида суд қарори чиқди. Фасадни таъмирлаш учун ёмғирсиз, иссиқ кунлар келишини кутаётган эдик.

Уйларнинг ичида зилзиладан кейин ҳеч қандай ёрилишлар кузатилгани йўқ. Бу ерда яшовчилар бино фасади билан боғлиқ муаммо ҳақида билишади. Бугун эрталаб интернетда видео тарқалгандан кейин бу нарса кеча ёки бугун чиқмагани, муаммо анчадан бери борлиги ҳақида телеграмдаги гуруҳларида ҳам ёзишди”, дейди Гўзал Қодирова.

Компания вакили муаммо декоратив характерга эга экани, рўй берган ҳолат бинонинг мустаҳкамлигига ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини таъкидлади.

Фасади ўпирилиб тушган уй узоқдан кўриниши Фото: Kun.uz

Ҳолат бўйича баёнот берган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўра, турар жой мажмуасига STONE BRICK МЧЖ томонидан сифатсиз ғишт етказиб берилиши натижасида мазкур ҳолат юзага келган. Бинонинг фасадини таъмирлаш ишлари апрель ойида тўлиқ якунланиши билдирилган.

Вазирлик хабарида 1298 ишонч рақамига сўнгги кунларда зилзила оқибатида вайрон бўлган ёки зарар етказилган бинолар ҳақида мурожаат келиб тушмагани таъкидланади.

Top