10:53 / 01.12.2020
2422
Ноябр ойида инфляция 1,5 фоизни ташкил этди

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги инфляция даражаси тўғрисида маълумот берди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, 2020 йилнинг ноябрида ўртача истеъмол нархлари ва тарифлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,5 фоизни ташкил қилди.

2019 йилнинг ноябрида товарлар ва хизматлар нархларининг ой давомидаги ўртача кўтарилиш даражаси 1,7 фоизга тенг бўлган.

2020 йилнинг январ-ноябр ойларида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 9,5 фоиз бўлган бўлса, 2019 йилнинг январ-ноябр ойларида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 13,3 фоизни ташкил қилган.

2020 йилнинг ноябр ойида йиллик умумий истеъмол нархлари индексининг ўсиш суръати 11,3 фоизга тенг бўлди. 

2018 йилнинг ноябрига нисбатан 2019 йилнинг ноябрида товарлар ва хизматлар нархларининг ўсиш суръати 15,6 фоизни ташкил этди. 

Жорий йилнинг ноябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 2,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 0,9 фоизга ва хизматлар 0,9 фоизга қимматлашди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ҳисобига умумий истеъмол нархлари индекси кўрсаткичи 1,0 фоиз даражага ўсиб, умумий ўсиш суръатининг 66,7 фоизини ташкил этди. 

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг кўтарилиши умумий кўрсаткичнинг ой давомидаги ўсишига 0,3 фоиз даражада таъсир этди (умумий ўсиш суръатидаги улуши 20,0 фоиз). 

Хизматлар нархлари ва тарифларининг ўсиши натижасида умумий истеъмол нархлари индекси қўшимча равишда 0,1 фоиз даражага ошди (умумий ўсиш суръатидаги улуши 13,0 фоиз).

Top