Ўзбекистон | 22:25 / 05.03.2019
14403
3 дақиқада ўқилади

Сенат мажлисида қандай масалалар кўрилди?

Сенатнинг 18-ялпи мажлиси ўз ниҳоясига етди. 28 февраль ва 1 март кунлари сенаторлар кун тартибга киритилган 23та масалани кўриб чиқишди. Йиғилишда жамият ва давлат аҳамиятига молик 23та масала нима эди?

23та масала шулар қаторида Омбудсман, Адлия вазири ва Қашқадарё вилояти ҳокимининг ахбороти тингланди, Бош вазир ва унинг ўринбосарларига турли мавзуларда парламент сўровлари юборилди.

Сенат раиси ўз нутқида мактаб дарсликлари, китоб нашрларини танқид қилган бўлса, сенатор Низомхўжаев мутахассислик фани бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган барча абитуриентларнинг кириш имтиҳонларидаги муваффақиятсизлиги айнан дарсликларнинг мукаммал тузилмагани, ортиқча маълумот ва эски услубда ёзилганини важ қилди. Шу боисдан Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборилди

Сенат маъқуллаган бошқа қонун «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»​ бўлди. Аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилашнинг асосий ғояси эркак ва аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонунчилик базасини мустаҳкамлашдан иборатлиги таъкидланди. Сенаторлар қонуний никоҳда бўлган эр-хотинга ЭКО, яъни сунъий экстракорпорал уруғлантириш йўли билан фарзандли бўлишни маъқуллади.

Энди Парламент ҳукуматдаги тайинловларни ҳам назоратга олади, яъни вазирликка номзоднинг лавозимга мос тушиши маъқуллансагина, Президент уни тасдиқлайди. Шунингдек, Омбудсманга катта ваколатлар берилди: у ҳеч қандай тўсиқсиз қамоқхоналарга кириши, маҳкумлар билан суҳбатлашиб, қийноқларга қарши курашиши керак. Айтганча, Омбудсман Сенатда бир қанча ажойиб таклифларни илгари сурди. Масалан, талабалар тўлов-шартнома нархи ошгани ҳақида камида 3 ой аввал хабардор қилиниши керак, қамоқхонада йил қўшиб беришга сабаб бўлувчи ҳаракатларни кодексга ёзиб қўйиш таклиф этилди.

Сенатор Фаррух Дадахўжаев хорижга чиқиш паспортини олишда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлгани, амалда ишлар охирига етказилмаганини таъкидлаб, Бош вазирдан изоҳ сўради, Сенат парламент сўровини юборишни маъқул кўрди.

Олий Мажлис Сенатига уй-жойларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, давлат рўйхатидан ўтказишдаги бюрократик тўсиқ ва муаммолар ҳал ​этилмаётганлигидан норози бўлган фуқаролардан кўплаб аризалар келиб тушмоқда​. Бу ҳақда сенатор шундай деди:


«Кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаслигига шаҳар ҳоким қарори билан ажратилган ер майдони фермер хўжалигига тегишли эканлиги ва шу кунгача фермер хўжалиги ҳисобидан чиқарилмаганлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилган», — дейди сенатор. 

Шунингдек, Сенат сайлов кодекси, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва айрим тоифа шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш бўйича қонунни ҳам маъқуллади.

Kun.uz мухбири Сенат якунлари бўйича катта фоторепортаж ҳам тақдим этди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Мавзуга оид