Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нақдга битмас битимлар ва солиқдан норози санъаткорлар — ҳафта дайжести
Нақд пулга бензин йўқ: кундалик-маиший товарларга бундай чеклов қанчалик тўғри? Автомобил техпаспортига амал қилиш муддати киритилди: бу нимага керак? Поезд кечикса, йўловчига товон тўланиши мумкин: масъуллар бунга кўнадими? Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Нақдсиз иқтисодиётга жиддий, лекин баҳсли қадам
2026 йил 1 апрел санаси – Ўзбекистонда нақдсиз иқтисодиётга ўтиш йўлидаги бурилиш нуқтаси бўлди: метан ва пропан, бензин ва дизел каби ёқилғилар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, коммунал ва давлат хизматлари, кўчмас мулк ва автомобиллар, қолаверса, қиймати 25 млн сўмдан ортиқ ҳар қандай товар ва хизматни фақат нақдсиз шаклда олди-сотди қилиш тартиби кучга кирди.
Аслини олганда, охирги йилларда замона зайли ва финтех соҳасидаги қойилмақом тараққиёт билан, нақддан кўра нақдсиз пулнинг афзаллиги муттасил ошиб бораётган эди. Бу тенденция мутлақо табиий, тадрижий йўл билан кетаётган, трансформация суръатини секин деб бўлмасди. Гап бу ерда фақатгина мослашувчан ёшлар ёки инфратузилма бирмунча яхшироқ шаҳарлар аҳолиси ҳақида кетмаяпти: эътибор беринг, 2026 йил январ ойида Ўзбекистондаги пенсионерларнинг 90 фоизи пенсиясини ўз ихтиёри билан нақдсиз шаклда олган. Шу биргина фактнинг ўзиёқ мамлакатимизда кўпчилик сезмай ҳам қолган “тўлов инқилоби” аллақачон бошланиб бўлганидан дарак беради.
Шунга қарамай, ҳукумат нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш динамикасини янаям тезлаштиришга қарор қилди. Бу қарорнинг энг мантиқли қисми – кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдисига оид. Бундай тартиб – иқтисодиётда йирик айланмаларнинг банк орқали ўтишини таъминлаб, келгусида пул ювишга қарши муҳим тўсиқ вазифасини бажаради. Ҳозирча расмийлар учун биринчи вазифа – айланмаларни банк тизимига киритиб олиш устувор бўлиб турибди: Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, янги тартиб туфайли банк тизимига 60–100 триллион сўмгача “текин пул” оқиб кириши кутиляпти.
Йирик битимлардаги нақдсиз олди-бердининг иккинчи функцияси, яъни пул ювишга қарши механизм – ривожланган давлатлардагидек аксарият фуқаролар учун даромадлар декларацияси жорий этилганидан кейингина ишлай бошлайди. Чунки мулкдор сотган уйининг пулига нимадир харид қилганда, ўша пулни қаердан олганини тушунтиришига тўғри келади, натижада шартномада ҳақиқий суммани кўрсатишга табиий эҳтиёж пайдо бўлади. Дарвоқе, бундай эҳтиёж ҳозир ҳам йўқ эмас: агар шартномада ҳақиқий суммани камайтириб кўрсатсангиз, 3 йил ичида уйни сотган тақдирингизда яхшигина солиқ мажбурияти билан юзлашишингиз мумкин.
1 апрелдан кучга кирган нақдсиз ҳисоб-китоб талаби – тамаки, алкогол ва ёқилғи каби кундалик маиший товарларга ҳам тааллуқли эканига келсак, бу масала анча-мунча баҳсларни келтириб чиқарди. Бу тақиқ ҳақиқатан ҳам радикал чора бўлди дейиш мумкин. Тармоқларда бунинг қанчалик қонунийлигига баҳо бериш ҳақидаги чақириқларга кўзингиз тушгандир эҳтимол. Кўплаб фойдаланувчилар сўм купюраларига битилган ёзув: “Ўзбекистон сўми – республика ҳудудида ҳамма тўловлар учун қабул қилиниши шарт” деган қоидага эътибор қаратяпти. Қатор фаоллар фикрича, қўлида нақд пули бор фуқаронинг машинасига бензин қуйиш ҳуқуқини чеклаб қўйиш учун қарор ё фармон кифоя эмас, бунинг учун қонун даражасидаги ҳуқуқий асос бўлиши керак.
Ҳайдовчилар учун икки янгилик
1 апрелдан кейин олди-бердининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини банк орқали ўтказиб автомобил сотиб олган одамлар, бошқа бир янгиликка ҳам ҳаммадан биринчи бўлиб дуч келишди: уларга берилган техпаспорт аввалгидек чексиз муддатга эмас, 5 йилга берилди. Ва бу янгилик ҳам ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири бўлди.
Кимдир бехабар бўлса, эски тартиб қуйидагича эди: агар машинанинг эгаси ёки давлат рақами ўзгармаса, газбаллон ўрнатилмаса ва бошқа рангга бўялмаса, техпаспортни янгилаш зарурати йўқ эди. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб эса, амал қилиш муддати 5 йил бўлган техпаспортларни беришга ўтилди. Бу янги тартиб 1 апрелгача олинган гувоҳномаларга тегишли эмас, уларнинг амал қилиш муддати чекланмаган статусда қолади.
Техпаспортга муддат белгилаш нега керак бўлиб қолди? Расмийлар иккита сабабни келтиряпти: биринчидан, автомобилнинг двигател ва кузов каби асосий агрегатлари алмашмаганини текшириб туриш учун; иккинчидан, паспорт ва ID-карта каби ҳужжатларда ҳам амал қилиш муддати бор. Ҳар иккала важга жамоатчилик фаоллари дарҳол қарши аргументлар билан жавоб қайтарди: асосий агрегатлар алмашмагани шундоғам даврий техник кўриклар вақтида текширилади. Паспорт ва ID-картада муддат борлиги эса, бу ҳужжатларда шахснинг сурати туширилгани билан боғлиқ: ахир 10 ёшга улғайган одамнинг қиёфаси ҳам ўзгаради. Бу ўринда автомобил техпаспортини худди уйнинг кадастр ҳужжати, туғилганлик ёки никоҳ ҳақидаги гувоҳномалар билан бир қаторга қўйиш мантиққа мос келади.
Техпаспортни ҳар 5 йилда алмаштириш – нафақат оворагарчилик, балки харажат ҳам демакдир. Бунинг тўлови борасида ЙҲХХ берган изоҳда ҳеч нарса дейилмаган. Амалдаги тартибга кўра, техпаспорт олиш учун БҲМнинг 70 фоизи, яъни 288 400 сўм миқдорида тўлов белгиланган.
Бу ҳафта кўплаб ҳайдовчилар яна бир харажат билан рўбарў келди. Бундан буён ўзингизга тегишли машинани бошқа одамга бошқаришга бераётган пайтингизда, агар у радарга тушганида жарима ҳам, жарима балли ҳам ўзининг ҳисобига ёзилишини истасангиз, жавобгарликни унинг номига ўтказиб қўйишингиз мумкин. Агар ўтказмасангиз, жарималар ва жарима баллари сизнинг ҳисобингизга ёзилишда давом этади.
Жавобгарликни ўтказиш тўлови – агар онлайн амалга оширилса, БҲМнинг ҳозирги ставкасида 37 минг сўмга сўмга тенг. Хизмат ишга тушиши учун мулкдор MyGov орқали берган аризани нариги ҳайдовчи ҳам ўз аккаунтига кириб тасдиқлаши керак. Эслатиб ўтамиз, бу тартибнинг айнан 1 апрелдан ишга тушгани сабаб – айни шу санадан эътиборан радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам ҳайдовчиларга жарима балли ҳисоблаш бошланди. Бунгача фақат ЙПХ ходимлари томонидан қўл режимида тузилган баённомалар асосида балл ҳисоблаб келинаётган эди.
Бу ўринда, жавобгарликни бошқа шахсга ўтказиш имконияти – ашаддий қоидабузарлар учун қонуний “лазейка” бўлиб қолишининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки баллари 12 баллга яқинлашиб қолган, шу сабаб ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилиш хавфи остида турган қоидабузар – токи 12 ойлик муддат тугаб, баллари ноллашгунга қадар бир неча ой давомида машинани гўёки қариндоши ёки таниши ҳайдаб юргандек қилиб тизимга киритиб қўйиши мумкин. Бу эса узоқ йилда ниҳоят эришилган жарима баллари тизимининг самарасини чеклаб қўяди.
Истеъмолчи ҳуқуқлари учун кураш
Агар поезд кечга қолса, йўловчиларга компенсация тўланиши керак. Рақобат қўмитаси шундай ташаббус билан чиқди. Қўмита Транспорт вазирлигига юборган сўровга кўра, поезд ташувчининг айби билан кечиккан тақдирда, йўловчиларга товон пули тўланадиган тартиб жорий этилиши мумкин. Агар поезд 15-30 дақиқага кечикса, компенсация миқдори чипта нархининг 15 фоизига тенг бўлади. 1 соатдан 2 соатгача оралиқдаги кечикиш учун темирйўл компаниясидан йўлкиранинг ярмига тенг товон ундириш кўзда тутиляпти.
Ҳозир шунга ўхшаш тартиб фақат “Афросиёб” поездлари учун амал қилиб қиляпти. Агар Транспорт вазирлиги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояловчи органнинг сўровини ерда қолдирмаса, бундай тартиб маҳаллий йўналишлардаги бошқа оддий ва тезюрар поездларга ҳам татбиқ этилади.
Қайд этиш керак, ташувчининг айби билан рейс кечиккан тақдирда, йўловчиларга компенсация тўланиши бўйича қатъий-мажбурий тартибга авиация соҳасида ҳам зарурат бор. Об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги, қаердадир уруш бошланиб қолиши ёки бошқа ташқи факторлар ўз йўлига, лекин самолётда техник носозлик бўлгани важи билан кечикиш юз бериши – бу авиакомпаниянинг айби ва бунинг учун вақтини йўқотган истеъмолчилар ортиқча югур-югурларсиз товон пули олиши керак. Бундай мажбурият авиакомпанияларни масъулиятли ва интизомли бўлишга ундайди.
Бу ҳафта истеъмолчилар ҳуқуқига оид яна бир лойиҳани Адлия вазирлиги жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳаси билан, мобил алоқа операторларида интернет пакетсиз, фақат овозли мулоқот ва SMS'ни ўз ичига олувчи тариф режалари ҳам бўлиши керак, деган қоида киритилиши мумкин. Шунингдек, тариф режаларига ном беришда ойлик тўлов ёки лимитлар ҳажмини англатадиган сўзлардан фойдаланиш тақиқланиши кўзда тутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, мобил алоқа абонентлари манфаатида аввалроқ қабул қилинган бошқа бир қарор 28 апрелдан расман кучга киради. Унга асосан, тариф режасини алмаштириш бепул бўлади, абонент балансини минусга киритиб қўйиш тақиқланади, ишлатилмай турган рақам эгасининг номидан ўчиб кетадиган муддат 2 ойдан 1 йилга узайтирилади. Қолаверса, аввалига бепул бўлган хизматларни пулли қилиш ман этилади. Бошқа одамнинг номига олинган телефон рақам билан банклар ва тўлов ташкилотларининг иловасидан фойдаланиш ҳам 28 апрелдан бошлаб иложсиз бўлиб қолади.
Ҳафталикнинг истеъмолчи ҳуқуқларига оид қисмини Намангандаги воқеа билан якунлаймиз. Янги Наманган тумани Янги замин маҳалласида чиқинди хизмати абонентлари компанияни антиқа тарзда жазолади: масъул ташкилот маҳаллага бир неча ойдан бери келавермагач, икки мижоз уйида йиғилиб кетган чиқиндиларни машинага ортиб, хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилот биноси олдига тўкиб келган. Улар Kun.uz билан суҳбатда чиқинди машинанинг ойлаб келмай қўйиши аввал ҳам кузатилгани, хизмат сифатсиз бўлса ҳам, тўлов ҳисобланаверишидан шикоят қилишди. Огоҳлантириб айтамиз, бундай хатти-ҳаракат, яъни белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш – ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Ҳавони тозалаш учун эко-чоралар
Экология қўмитаси ҳаво сифати масаласини кун тартибида ушлаб турибди. Қўмита ташаббуси билан 25 март куни давлат раҳбари экология соҳасига оид 1 та қонун, 2 та фармон ва 3 та қарор имзолади. Уларда кўрсатилган янгиликларнинг айримларини санаб ўтамиз.
Аввало, ўтган йили кузда Тошкент шаҳри ҳавосини яхшилаш бўйича тезкор чоралар кўриш учун тузилган Махсус комиссиянинг фаолият муддати 2027 йил 1 мартгача узайтирилди ва комиссия энди нафақат Тошкент, бутун республика бўйича ҳаво сифатини яхшилашга масъул бўлди. Пойтахтда янги саноат зоналари ташкил қилишга мораторий эълон қилинди. Қурувчилар ва атроф-муҳитга зарарли корхоналар зиммасига янги экологик мажбуриятлар юкланди. Шаҳарда сунъий ёмғир ёғдириш, бунинг учун керакли асбоб-ускуналарни 2027 йил 1 октябргача ўрнатиш вазифаси қўйилди.
Ички ишлар вазирлиги Тошкентдаги барча автомобилларга йил охиригача эко-стикер бериш топшириғини олди. Аввалроқ тасдиқланган тартибга кўра, эко-стикер бепул берилади; ҳозир фойдаланишда бўлган машиналарнинг аксарияти яшил стикер олади. Йил охиригача пойтахт ҳудуди яшил, сариқ, қизил зоналарга ажратилиши керак. Сариқ ва қизил стикерли машина эгалари тақиқланган зонага кирган тақдирда, уларга чора кўриш 2027 йилдан бошланади. Шунингдек, янги фармон билан, “Автомобилсиз кун” акцияси доирасида давлат амалдорларига ҳар ойнинг 10- ва 25-саналарида хизмат машинасидан фойдаланиш тақиқланди.
Ҳаво сифати кескин ёмонлашиб кетган пайтлар учун ҳаракатлар тартиби ишлаб чиқилиши кутиляпти. Бунда SMS юбориш ва ОАВ орқали аҳолини тезкор огоҳлантириш, заиф гуруҳларни кўчага чиқмасликка чорлаш, оммавий тадбирларни чеклаш, таълим муассасаларида очиқ ҳаводаги машғулотларни бекор қилиш назарда тутилади. Бундай пайтларда ҳатто давлат ташкилотларида иш режими ўзгартирилиши ёки ходимлар масофавий шаклга ўтказилиши ҳам мумкин. Фавворалар, суғориш ва микроиқлим тизимларини ёқиб қўйиш, дарахтларга сув сепиш, асфалтдаги чангни ювиб ташлаш, саноат корхоналарига қўшимча чекловлар киритиш кабилар ифлосланишга қарши фавқулодда чоралар мажмуини ташкил этади.
Имзоланган ҳужжатларда бутун республика бўйича яшиллик даражасини ошириш, шаҳарлар ва саноат объектлари атрофида яшил белбоғлар яратиш бўйича вазифалар жой олган. 1 апрел куни давлат раҳбари Тошкентдаги Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди. Шу куни 108 гектарлик боғнинг дастлабки 5 гектарига кўчатлар экилди. Дарахт экиш ва янги боғ ташкил этиш тадбирлари бир вақтнинг ўзида республиканинг барча ҳудудларини қамраб олди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Солиқ тўламасликка ўрганиб қолган санъаткорлар – муҳокама марказида. Улар ўтган ҳафта эълон қилинган қарор лойиҳасидан норози: лойиҳага кўра, ижрочиларга ҳар бир тўй учун алоҳида: қишлоқларда 103 минг сўмдан, Тошкентда эса санъаткорнинг рейтингига қараб 1 млн 236 минг сўмгача ставкада солиқ солиниши мумкин. Самандар Ҳамроқулов, Шароф Муқимов ва Абдувосит Саримсоқов каби соҳа вакиллари видеомурожаат билан чиқиб, кўплаб санъаткорлар қийналиб тирикчилик қилаётгани, бўйнида кредитлари борлиги, солиқ уларга оғирлик қилишини айтиб чиқди.
Шундан кейин Даврон Эргашев “пистачи ҳам солиқ тўлаяпти, нега биз тўламаслигимиз керак” деган чиқиши билан жамоатчилик олқишига сазовор бўлди. “Санъаткорларга уят-да, Instagram’да чиқиб, кредит олганман, қарз бор, дейиш. Уялиш керак. Ким сизларга кредит олинглар деяпти?” – деди Даврон Эргашев. Жаҳонгир Отажонов ва Юлдуз Усмонова каби хонандалар эса, агар солиқ солинса, санъат аҳлига “Ўзбекконцерт” қўядиган мажбуриятлар бекор қилиниши кераклигини айтмоқда.
Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтаси режимига ўтди. 1 апрелдан бошланган янги тартиб – ўтган йили шифокорлар куни арафасида қабул қилинган президент фармонида белгиланган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бундан буён давлат ишидаги тиббиёт ходимлари учун ҳафталик иш вақти 36 соатдан ошмайди. Поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари душанбадан жумагача эрталабки 8 дан кечги 8 гача, шанба кунлари эса соат 8 дан 14:00 гача ходимларнинг навбатчилиги асосида ишлайди. Иш вақтининг қисқариши маошнинг камайишига олиб келмайди, дейилади вазирлик хабарида.
Тошкентда ЙПХ ходими ҳужумга учради. Ходим 102 га қилинган чақирув асосида, ҳамкасби билан бирга Malibu ва Leapmotor тўқнашуви рўй берган жойга борган. Ҳолатни расмийлаштиришга уринган пайтида Malibu'нинг маст ҳолдаги ҳайдовчиси унга тирсаги билан зарба берган. Интернетда тарқалган видеода маштумзўрнинг ёнида унинг акаси ҳам бўлганини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, акаси Шерзод Пардаев Сирдарё вилояти ИИБда раҳбарлик лавозимида ишлаб келган. Полковник укасини ҳимоя қилиб, ваколатидан нотўғри фойдаланган деб топилди ва ишдан олинди. Ходимга мушт туширган 36 ёшли Бобур Пардаев эса – қамоқда.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
19:45 / 04.04.2026
«Ўзларинг ашула айтинглар» – Юлдуз Усмонова қўшиқчилар солиққа тортилиши ҳақида
17:56 / 04.04.2026
Россияда нақдсиз тўловларда оммавий узилиш кузатилди. Бу VPN'ларни блоклашга уриниш билан боғланмоқда
22:36 / 02.04.2026
Машина сизники, рулда бошқа одам: жарима балли ҳақиқий ҳуқуқбузарга ёзилиши учун нима қилиш керак?
19:02 / 01.04.2026