Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.
Давлат раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул экканини таъкидлади.
Ана шу эзгу қадриятлар замирида сўнгги беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилмоқда.
Ўтган ҳафта президент имзолаган янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича марра белгиланди.

Шу мақсадда Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади. Шунингдек, вилоят ҳокимларининг ҳар бири камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилишга масъул бўлади.
Экология ва аҳоли саломатлиги энг долзарб масалага айланиб бораётган ҳозирги шароитда ҳудудга мос дарахт турларини танлаш ва экишда Халқаро молекуляр аллергология марказининг тавсиялари ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади. Ботаника ва дендрология боғлари ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлар учун эса тадқиқот майдонига айланади.


Президент ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилди. Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилади. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин ва энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади. Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд ва яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.









