Спорт | 12:10 / 19.09.2025
62741
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон чемпионларига автомобил ва пул мукофотлари топширилди

Бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларида совриндор бўлган жами 13 нафар спортчи ва уларнинг мураббийларига BYD автомобиллари ва пул мукофотлари топширилди.

Бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларида юқори натижалар қайд этган жами 13 нафар спортчи ва уларнинг мураббийларига президент совғалари топширилди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Мусобақаларда олтин медал олганларга 15 000 доллар, кумуш олганларга 7500 доллар, бронза олганларга 3750 доллар ҳамда уларнинг мураббийларига эса маблағнинг тенг ярми ҳисобида бир марталик пул мукофоти берилди.

Шунингдек, олтин медал совриндорларига BYD Song Plus Champion, кумуш ва бронза эгаларига эса BYD Chazor автомобиллари калитлари тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Руслан Нуриддинов Баҳрайнда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилаб, уч карра жаҳон чемпиони бўлганди.

Миланда ўтган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ЖЧда эса Артур Гулиев олтин медални қўлга киритганди.

Ўзбекистон бокс жамоаси жорий йилнинг 4-14 сентябр кунларида Англиянинг Ливерпул шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Жаҳон чемпионатини 11 та медал (6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза) билан якунлаганди:

Олтин:

  • -60 кг. Абдумалик Халоков;
  • -65 кг. Асадхўжа Мўйдинхўжаев;
  • -75 кг. Фазлиддин Эркинбоев;
  • -80 кг. Жавоҳир Умматалиев;
  • -85 кг. Акмалжон Исроилов;
  • -90 кг. Тўрабек Ҳабибуллаев.

Кумуш:

  • -65 кг. Навбаҳор Ҳамидова;
  • +90 кг. Жаҳонгир Зокиров.

Бронза:

  • -48 кг. Сабина Бобоқулова;
  • -51 кг. Феруза Казакова;
  • -70 кг. Азиза Зокирова.

Қайд этиш керакки, бу йил илк бор эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақа биргаликда ўтказилди ва натижалар ҳам қўшиб ҳисобланди. Натижада 7 та олтин (эркаклар жамоасида 4 та, қизлар жамоасида 3 та) олган Қозоғистон умумий рейтингда биринчи бўлди. Ўзбекистон 6 та олтин билан иккинчи ўринда қолди (барчаси эркаклар жамоасиники).

Эркаклар жамоаси 6 та олтин ва 1 кумуш билан тарихдаги энг яхши натижасини қайд этди. Бунгача энг яхши натижа 2023 йил Тошкентда ўтказилган IBA чемпионатида кузатилганди  5 та олтин 2 та кумуш, 2 та бронза (13 та вазн тоифасида).

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид