Собиқ МХХ биносидан дарахтларни кўчираётган фирма раҳбари фотографнинг бошидан ичимлик тўкди
Фирма раҳбари кўчириб ўтқазилган дарахтларни суратга олаётган фотографга “бу ердан тезроқ йўқол”, деб унинг бошидан газланган ичимликни қуйиб юборган.
Тошкент шаҳридаги собиқ МХХ биноси ҳудудидан дарахтларни кўчирган “Muna Mug” компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимов бошқа жойга ўтқазилган дарахтларни суратга олаётган Комил Еникеевга тайзиқ ўтказган. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко хабар бермоқда.
Макаренко томонидан эълон қилинган видеода ҳодиса тафсилотларини Комил Еникеевнинг ўзи ҳикоя қилиб берган. Видеода фотограф собиқ МХХ биноси ҳудудидан кўчирилган дарахтларни суратга олаётганда номаълум шахс келиб унга фотограф турган жой хусусий мулк эканини эслатган ва “нега атрофни видеога оляпсан?”деб сўраган.
Фотографдан “Мен ўз мулким бўлган машинам ичида ўтирибман ва хоҳлаган жойимни видеога оламан”, деган жавобни эшитган шахс унга “Шунчалик ақллимисан? Мендан қўрқиб кетдингми? Қўрқ мендан. Тез буёқдан кет”, дейди. Сўнг қўлидаги газланган ичимликни фотографнинг бошидан қуяди.
Кейинчалик фотографга тазйиқ ўтказган шахс собиқ МХХ биноси ҳудудидан дарахтларни кўчирган “Muna Mug” компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимов экани маълум бўлади.
Маълумот учун, 22 май куни Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасидан устига яшил мато ёпиб олиб чиқиб кетилаётган дарахтлар видеоси тарқалди. Kun.uz'га маълум бўлишича, дарахтлар собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси ҳудудидан олиниб, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчасидаги анҳор бўйига кўчириб ўтқазилган.
Воқеа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлгач, Экология партияси Бош прокуратура ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ҳолатга чора кўришни сўради. Шундан кейин Экология вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ўрганиш бошлаганини маълум қилди.
Kun.uz томонидан ўтказилган суриштирувда шаҳар Экология бошқармаси бўлим бошлиғи Турсунпўлат Эгамов Metropol Group январ ойида дарахтларни кесиш учун бошқармага хат жўнатганини, лекин вазирлик буни рад этганини маълум қилди.
Шунингдек, у қонунчиликда дарахтни кўчиришга рухсатнома берилиши белгиланмаганини ҳам қўшимча қилди.
“Кўчиришга рухсат бериш тартиби йўқ. Фақат Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига асосан кўчириш тартиби берилган. Биз дарахтларни кўчиришга рухсатнома бера олмаймиз. 3 кун олдин хат асосида хабар берилади. Кўчиришга биз томонимиздан инспектор ажратилиши керак. 2,5 ойдан бери ҳеч нимадан хабарсиз эдик”, – деган масъул.
Суриштирув давомида дарахтларни кўчириб ўтқазиш билан шуғулланган “Muna Mug” компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимов Kun.uz мухбирига дарахтларни кўчиришга рухсат олинганини айтган, лекин рухсатномани таҳририятга кўрсатмаган.
П.С. Собиқ МХХ биноси аввалроқ Metropol Group компанияси томонидан хусусийлаштириб олинган ва ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қурилиши эълон қилинган. 2023 йил ёзда бино бузилиши бошланган.
Мавзуга оид
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024