Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълум қилишича, ўрганиш ишлари ижтимоий тармоқларда Жарариқ мавзесидаги ҳовлида 400 га яқин дарахт кесиб ташлангани ҳақидаги мурожаат ортидан ўтказилган.

Текширувлар давомида мурожаатда келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмаган. green.tashkent.uz электрон дарахтлар базасига кўра, мазкур ҳудудда жами 112 туп дарахт рўйхатга олинган.

Ўрганишлар натижасида ушбу ер майдони 2017 йилда тадбиркор томонидан сотиб олингани, кейинчалик эса шу манзилда яшовчи фуқаро ўз маблағи ҳисобидан 2–3 йиллик мевали ва манзарали дарахтлар эккани аниқланган.

Шунингдек, мазкур фуқаро ёлланма ишчиларни жалб қилган ҳолда 45 туп дарахтни ноқонуний равишда кесгани ҳамда 35 туп кўчатни белгиланган тартибга риоя қилмасдан Янгиҳаёт туманига кўчиргани маълум бўлган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ 10 миллион 300 минг сўм миқдорида жарима қўлланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарори асосида табиатга етказилган зарар 49 миллион 900 минг сўм этиб ҳисобланган.

Бундан ташқари, 24 июн куни ўтказилган назорат тадбирлари чоғида МЧЖ ҳудудида яна 3 туп дарахт таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.