Ижтимоий тармоқларда Шайхонтоҳур тумани, Жарариқ мавзеси 1A/V уй ҳовлисига экилган 400 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида мурожаат тарқалди. Пойтахт экология бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.

Аниқланишича, мазкур ҳудудда 400 туп дарахт мавжуд бўлмаган. Green.tashkent.uz электрон дарахтлар базаси маълумотларига кўра, бу ерда жами 112 туп дарахт рўйхатга олинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолат жорий йилнинг май ойи охирларида содир бўлган. Ҳолат юзасидан экополициянинг Шайхонтоҳур туман инспекторлари томонидан 1 июн куни воқеа жойига чиқилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганишлар давомида маълум бўлганки, мазкур ер майдони 2017 йилда тадбиркор томонидан сотиб олинган ҳамда ўша вақтда мурожаатда тилга олинган дарахтлар мавжуд бўлмаган. Кейинчалик бу манзилда истиқомат қилувчи фуқаро С.Д. шахсий маблағлари ҳисобидан 2–3 йиллик мевали ва манзарали дарахтларни эккан.

Шу билан бирга, фуқаро С.Д. ёлланма ишчиларни жалб қилган ҳолда 45 туп мевали ва манзарали дарахтни ноқонуний равишда кестирган ҳамда 35 туп дарахт кўчатини белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда Янгиҳаёт тумани, Янги Дархон МФЙ ҳудудига ноқонуний кўчирган.

Мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан 10 млн 300 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, табиатга етказилган зарар миқдори 49 млн 900 минг сўм этиб ҳисобланган.

Шунингдек, 2026 йил 24 июн куни Экология қўмитаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида “Golden art house” МЧЖ ҳудудида яна 3 туп дарахт таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилган.