Ҳаво ҳарорати пасайиши ортидан метан заправкалар фаолиятига чекловлар киритилган эди. Бунгача куннинг маълум вақтида ишлаб турган водийдаги АГТСлар 19 декабрга келиб фаолият юритишдан тўхтади. Энергетика вазирининг тақчиллик пайтда заправкаларга кўчма контейнерларда газ етказиб берилиши ҳақидаги ваъдаси чиппакка чиқди. Фарғонадаги заправкаларда ҳайдовчилар ҳануз йўқ газга навбати келишини кутиб туришибди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энергетика тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берар экан бу йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида кўчма контейнерларда газ етказиб берилишини маълум қилганди. Бу хабар қиш қаршисида турган ҳайдовчиларни хурсанд қилди. Лекин бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Водий вилоятларидаги метан заправкаларининг дарвозасига ҳамон қулф осилган. Энергетика вазирлиги 22 декабр кунидан соат 10:00 дан 16:00 га қадар республика бўйича барча метан қуйиш шохобчалари одатдаги режимда фаолият юритиши ҳақида маълум қилди. Кейинчалик вазирлик заправкаларнинг иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, газ босимидан келиб чиқиб амалга оширилишини билдирди. Бироқ шунда ҳам Фарғонадаги заправкалар очилмади. Kun.uz мухбири Фарғонадаги бир нечта АГТСларда бўлиб ҳолат билан танишди:
Кўчма контейнернинг дараги йўқ...
“Заправкага соат 12:00 да келгандим. Газ берилишини кутиб заправка атрофида айланиб юрибмиз-да энди. Газ йўқ ҳеч қаерда. Telegramʼда бугундан соат 10:00 дан соат 16:00 гача заправкалар ишлайди, деган хабарни ўқидим. Ҳар йили водий вилоятларида шунақанги сарсонгарчиликлар бўлади-да. Бу масалага ечим топиш керакку ахир. Оддий халқнинг нима айби бор экан, энди билмадим. Кўпчилик қийналяпти-да. Бензин қиммат. Кўчма контейнерлар тақчиллик пайтда ёрдамга келади дейишганди. У ҳам йўқ. Дараги йўқолиб кетди, бу ҳақда ёзмай ҳам қўйишди. Энди бунинг учун қаерга учрашиш керак, кимга яна мурожаат қилиш керак, билмаяпмиз. Нима қиламиз энди. Йўқ газни кутиб ўтирибмиз. Чиқмаган жондан умид”, дейди ҳайдовчилардан бири.
Соат 10:00 да очилади дегани ёлғон экан...








