Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувида Озарбойжон форматнинг тўлақонли аъзосига айланди. Kun.uz билан суҳбатлашган сиёсий таҳлилчиларга кўра, Озарбойжон билан минтақа янада кучли бўлди. Диалог эса минтақавийликдан минтақалараро қамровга кўчди. Лекин асосий мақсад – антироссия гуруҳини тузиш эмас.
Озарбойжон охирги 3 йилда кетма-кет Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларида қатнашиб келди. Тошкентда 16 ноябрь куни бўлиб ўтган асосий саммитда эса Боку тўлақонли аъзо сифатида мулоқотга қўшилди. 2018 йилда фақат Марказий Осиё давлатлари иштирокида тузилган формат энди минтақадан ташқарига ҳам чиқди. Kun.uz билан суҳбатлашган сиёсий таҳлилчилар – Азиз Каримов ва Шуҳрат Расулларнинг фикрича, бу жуда яхши сигнал. Чунки энди минтақа овози янада баландроқ чиқади, янада кучли бўлади.
“Бу трансформацион давр бошланганига сигнал. Озарбойжон минтақа давлатлари учун Туркия ва у орқали Европага ўтишига дарвоза. Эндиликда Жанубий Кавказ минтақасини Марказий Осиё билан бирга деб қараш кучаяди. Озарбойжон бор инфратузилмасини бу давлатларга таклиф этмоқда”, дейди Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти Азиз Каримов.
Иқтисодчи, сиёсий таҳлилчи Шуҳрат Расулга кўра эса масала фақат Озарбойжоннинг Марказий Осиёга тақдим эта оладиган имкониятларида эмас. Яъни Боку минтақага фақатгина савдо коридорлари ва транспорт-логистика томонлама таклифлари билан қизиқ эмас.
“Мен эътиборни президент Мирзиёевнинг маслаҳатчиси Абдулазиз Комиловнинг берган интервьюсига қаратган бўлардим. У янги геосиёсий жараёнлар бошланганини айтди, мана гапнинг асосий боши қаерда”, дейди Шуҳрат Расул.
Баъзи сиёсатшунослар Озарбойжоннинг охирги 1 йилда Россия билан сиёсий тортишувлари сабаб Марказий Осиё билан бирлашишини антироссия характеридаги қадам, дея баҳолади. Бироқ Kun.uz билан гаплашганлар буни қатъий рад этмоқда. Марказий Осиё давлатлари нима қилаётганини билади, улар Россияга қарши эмас, дейди таҳлилчилар.
“Бирор Марказий Осиё давлати Россияга қарши эмас, улар асосий иқтисодий шерикларидан бири бу давлат эканини билади. Лекин Марказий Осиё тенглик кўзи билан қаралашини хоҳлайди”, дейди Шуҳрат Расул.
Азиз Каримов фикрича, “ҳамма нарсани шимолий қўшнимиз билан боғлайвериш ҳам тўғри эмас”.











